«Маҳмудхўжа Беҳбудий» бадиий фильми тақдимоти
«Ўзбеккино» Миллий агентлигида агентлик буюртмасига биноан суратга олинган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” бадиий фильмининг илк тақдимоти ўтказилди.
"Ўзбеккино" МА бош директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев тақдимот аввалида фильм яратилиши тарихи ҳақида гапирди. Беҳбудий шахси ва унинг ёш-авлод учун қилган ишлари тарғибга муҳтожлигини, ушбу фильм эса, жадидчи алломани яқиндан танишга ёрдам беришини таъкидлади.
Таниқли драматург, публицист, жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Беҳбудий ҳақидаги фильмда ўша давр тузуми ҳақида аччиқ ҳақиқатлар ошкор этилган.
Картина 18 йил олдин суратга олинган. Бадиий фильмнинг намойиши баъзи сабабларга кўра тўхтатилган. Орадан вакт ўтиб, мазкур бадиий фильм устида қайта ишланиб, қўшимча тасвирга олиш ишлари амалга оширилди.
“Маҳмудхўжа Беҳбудий” бадиий фильми буюк маърифатпарвар адиб таваллудининг 145 йиллиги арафасида томошабинларга ҳавола этилди.
Сценарий муаллифлари Улуғбек Содиқов ва Бақо Содиқов, режиссёр Бақо Содиқов, иккинчи режиссёр Муаттар Мирражабова, постановкачи оператор Равшан Мусаев, картина директори Файзираҳмон Усмоновдир.
Картинада Фахриддин Шамсиматов, Афзал Рафиқов, Яйра Абдуллаева, Обид Юнусов, Маҳмуд Исмоилов, Фурқат Файзиев, Саидкомил Умаров, Убайдулло Омон ва Дилшодбек Каттабеков каби актёрлар рол ижро қилишган.
Ёзувчи-шоирлар,адабиётшунослар, журналист ва киношунослар фильм юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида кўп қисмли бадиий фильм ишлаш таклифи айтилди.
Д. Маматова, ЎзА