Маҳкумларнинг жазоси енгиллаштирилди
Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги 30-сонли манзил-колониясида “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ҳамда сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди
Тадбирда Зафаробод тумани суди раиси Жўрабек Баҳронов мазкур қонун фуқароларга, жумладан, маҳкумларга қатор имконият ва енгилликлар яратаётгани ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, суд қарори устидан ўн кунлик муддатда апелляция тартибида шикоят (протест) берилиши, ушбу муддат ўтгандан сўнг кассация тартибида шикоят келтирилиши мумкинлиги қайд этилди. Бундан ташқари, апелляция ёки кассация инстанциясининг қарори устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилаётгани ҳақида ҳам сўз юритилди.
[gallery-14732]
Шундан сўнг, сайёр суд мажлиси ўтказилиб, 30-сонли манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 11 нафарига Жиноят кодексининг 74-моддаси қўлланилиб, уларнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари