Маҳаллийлаштириш: натижалар қандай бўлади?
Қарор ва ижро
Президентимизнинг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича Тошкент вилоятида кенг кўламли ишларни амалга ошириш мақсад қилинган.
Хусусан, Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 97 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида жами 759,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган. Тасдиқланган тармоқ жадвалига мувофиқ, биринчи чорак якуни билан 63 та лойиҳа доирасида жами 113,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва режа кўрсаткичи 134,5 фоизга бажарилиши кутиляпти.
Давлатимиз раҳбари раислигида 14 март куни иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, давлат корхоналарини трансформация қилиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасадди идораларга ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси устидан назоратни кучайтириш, инвестиция лойиҳаларининг бозор иқтисодиёти талабига жавоб беришини ўрганиш вазифаси қўйилди. Янги корхоналарни фойдаланишга топшириб, иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, зарур вазифалар белгиланган эди.
– Маҳаллийлаштириш дастури амалда, – дейди Тошкент вилоят ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича котибият мудири Алишер Турдибоев. – Жумладан, Пискент туманидаги “Зонгтан Чемикал” МЧЖ корхонаси тоғ-кон саноатида қимматбаҳо металларни ажратиб олишда қўлланиладиган ксантогенат моддасини ишлаб чиқармоқда. Ушбу корхона Марказий Осиёда ягона бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 6 минг тонна ёки 11 миллион долларлик маҳсулот импортига чек қўяди.
Мазкур корхона мутахассислари фаолиятини кенгайтириш мақсадида апрель ойида Тенге банкдан 4 миллион АҚШ доллар кредит олиб, қўшимча 2 минг тонна қувватни ишга туширмоқчи. Шу билан бирга, улар жорий йил 26-28 апрель кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган 26-Халқаро саноат ярмаркасида ўз маҳсулоти билан иштирок этиш, Қозоғистоннинг “Казцинк”, “Казми” ва МДҲнинг бошқа йирик тармоқ корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳам режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Ангрен ЭИЗ” ҳудудида “Централ Азия Чемикалс” МЧЖ томонидан 15 миллион АҚШ доллар инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига Марказий Осиёда илк марта Италиянинг машҳур “Десмет Баллестро” компаниясининг замонавий технологияси асосида маҳсулотлар тайёрланади. Ушбу корхона жорий йил апрель ойи охирида ишга туширилиб, йилига 4 минг тонна лауретсульфат натрий, 8,5 минг тонна алкилбензолсульфон кислотаси ва 48 минг тонна юқори сифатли кир ювиш кукуни ишлаб чиқарилиши эвазига 30 миллион доллар валютани тежашга эришилади.
Қибрай туманида 10 миллион доллар хорижий инвестициялар киритилиши ҳисобига Филиппин компанияси томонидан МДҲ давлатларида биринчи марта “Оиши” бренди остида жорий йилнинг учинчи чорак якуни билан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Лойиҳа бўйича 200 турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш мўлжалланган.
Мазкур бренд ҳозир 20 та давлатда мавжуд бўлиб, Хитой, Вьетнам, Бангладеш, Индонезия, Тайланд, Африканинг бошқа мамлакатларида кенг тарқалган. Унинг энг кичик корхонаси Шанхай шаҳрида жойлашган бўлиб, ер майдони 24 гектарни ташкил этади. Шуни ҳисобга олиб, Қибрай туманида ҳам 1,3 гектар ер майдонида бу корхона барпо этилди. Келгусида бу ерда йилига 5 миллион доллар маҳсулотлар экспорти амалга оширилади.
Бугунги кунда Ангрен эркин иқтисодий зонасида ҳам умумий қиймати 19 миллион доллар бўлган сояни чуқур қайта ишлаш орқали юқори концентрацияли соя оқсилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу маҳсулот олий, биринчи ва иккинчи нав қайнатилган колбаса, сосиска, сарделка, дудланган, ярим дудланган колбасалар, қиймаланган ярим тайёр маҳсулотларда (котлет, гамбургер, фрикаделька, фарш, қисқичбақа таёқчалари, консерваланган гўшт) ишлатилади.
Шу кунгача бундай лойиҳа мамлакатимизда бўлмагани туфайли маҳсулот Хитой, Америка ва Исроил давлатларидан импорт қилинмоқда. Ангренда корхона жорий йил охирида ишга тушади. Ҳозирги кунда инвестицион лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари қилиниб, зарур ускуналар ўрнатиляпти. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида 80 та янги иш ўрни яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 27 минг тонна, маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоизга етади.
Умуман олганда, бу йил вилоятнинг саноат салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Жойларда замонавий технологиялар асосида импорт ўрнини босувчи, талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги қувватларни жойлаштиришда инвесторларга амалий кўмак берилади. Бунда, ҳудуднинг ихтисослашуви, захира хомашёси, экологик баланси, инсон капитали, инфратузилма каби бир қатор омиллар ўрганилиб, улардан самарали фойдаланилади.
Кооперация алоқаларини кучайтириш бўйича бу йил минтақаларда бўлиб ўтадиган ҳудудий ва тармоқлараро саноат ярмаркаларида Тошкент вилояти корхоналари ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этади. Бу орқали янги маҳсулотларни ўзлаштириш учун бутловчи, эҳтиёт қисмлари ва компонентларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш чоралари кўрилади.
А.Мусаев, ЎзА