Катта ҳаётга қадам қўяётган ҳар бир ёш, энг аввало, жамиятда муносиб ўрнини эгаллашни мақсад қилади. Пухта билим олиб, касб-ҳунар эгаси бўлаётган ёшлар учун яратилаётган иш ўринлари ана шундай орзу-умидлар рўёби сари йўл очиши, шубҳасиз.
Меҳнат ресурсларидан келиб чиқиб кончилик саноатида ҳар доим ҳам иш ўрни яратиш осон эмас. Бироқ Қизилқум кенгликларида энг катта иш берувчи сифатида тан олинган Шимолий кон бошқармасида ҳар йили янги иш ўринлари яратилишига эътибор қаратилади.
Венера Рўзиева 19 ёшда. У Учқудуқ Кончилик коллежини битиргач, Шимолий кон бошқармаси Электр жиҳозларини таъмирлаш участкасига ишга қабул қилинган.
- Коллежни битиргач, албатта, ўзим танлаган соҳа бўйича ишлайман, деб мақсад қилгандим, - дейди Венера. - Буни қарангки, “дипломли бўлгач” ўзим орзу қилган корхона - Шимолий кон бошқармасига ишга қабул қилиндим. Бошида анча қийин бўлди. Чунки коллежда олган назарий билимларим ҳам тажрибам йўқлиги учун тўғриси унчалик қўл келмади. Бироқ қийналдим деб айтолмайман чунки мен ишлаётган бу жамоада “Устоз - шогирд” анъанаси яхши йўлга қўйилгани тажрибамиз ошишида жуда асқотмоқда.
Венера Рўзиева ишлаётган ШКБ қарашли Электр жиҳозларини таъмирлаш участкаси Навоий кон металлургия комбинати бўлим ва бўлинмалардаги турли хил электродвигателларни капитал ва қайта таъмирлаб, уларга тезкор хизмат кўрсатади.
Венеранинг ишини кузатарканмиз, у худди гиламга гул солаётган қизга ўхшайди. Ёнидаги тахтачадаги схемаларга қараб симларни бири-бирига улайди. Кичкина қўлчалар ҳаракати катта двигателларга қайта ҳаёт бағишлайди. Бу электродвигателлар эса ўзидан юз баробар катта техникаларни ҳаракатга келтиради.
Ишлаб чиқаришда ҳар бир техник қисмнинг ҳам ўз ўрни бор. Ана шундай ёш мутахассисларнинг изланишлари ва меҳнатлари сабаб кейинги йилларда кон саноати учун зарур бўлган электродвигателларни таъмирлашга кетадиган эҳтиёт қисмлар ва изоляцияловчи материалларни хорижий мамлакатлардан олиб келишга барҳам берилди. Энди устозидан иш ўрганаётган Венера каби ёшлар бу ишнинг уддасидан чиқмоқда.
Бугунги кунда корхонада мураккаб ўзгармас ток кучланишли ДПЭ 560кВт, МПЭ-450-900 500 кВт, 4ГПЭМ 1250-1/1 11250кВт қувватли электродвигателларни таъмирлаш ишлари йўлга қўйилган. 2019 йилдан бошлаб эса Шимолий кон бошқармаси Электр жиҳозларини таъмирлаш участкасида “БЕЛАЗ” русумли автомобилларнинг ГСТ-700 700кВт, ТАД-9 225кВт электродвигател ва генераторларини қисман ва жорий таъмирлаш йўлга қўйилди.
Маҳаллийлаштириш дастурига биноан, участка электромеханиги Жамшид Рангов ва юқори кучланишли электр двигателларни таъмирлаш гуруҳи устаси Александр Волков назорати остида ўзгармас ток электродвигателлари якорлар чўлғамлари ишлаб чиқарила бошланди. ДПВ-2-52 54-60кВт, ДЭ-812 100-120кВт, ДЭ-816 190-200-220кВт турдаги электродвигателларнинг якор чўлғамларини участкада ишлаб чиқариш натижасида 2019 йилда 45 жуфт чўлғам ишлаб чиқарилиб, умумий ҳисобда 350 миллион сўм, 2020 йилда эса 43 жуфт чўлғам ишлаб чиқарилиб, умумий ҳисобда 175 миллион сўм маблағлар иқтисод қилинди.
Мухтасар айтганда, Шимолий кон бошқармасида яратилаётган иш ўринлари аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш баробарида ижтимоий ҳимоя ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишнинг янги имкониятлари сари йўл очмоқда.
Лайло Каримова,
Шимолий кон бошқармаси Ахборот хизмати ходими.
ЎзА