“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖга қарашли бўлинмаларда ишчи-ходимларнинг рационализаторлик таклифларини ишлаб чиқаришга жорий этиш муҳим вазифалардан бири саналади.
Шимолий кон бошқармаси Марказий физика-кимёвий лабораториясида физика-кимёвий усулда намуналар таркибидаги фойдали элементлар миқдори аниқлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда тигелдан (махсус идиш) кенг фойдаланилади. Ҳисоб-китобларга қараганда бир йилда мазкур лабораторияда таҳлил жараёнида ўртача 100 дан ортиқ тигель ишлатилади. Бундай идишлар шу кунгача четдан сотиб олиб келинарди.
– Бентонит ва кварц аралашмасидан тигеллар ясаш рационализаторлик таклифи устида иш олиб бордим, – дейди лабораториянинг муҳандис-кимёгари Рамиля Рангова. – Ҳозирги кунда Марказий физика-кимёвий лабораториясида ушбу тигеллар синов тариқасида ишлатилмоқда.
Келгусида Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводи, 1-автокорхона, Иссиқлик сув, газ таъминоти ва оқова сувлар цехи, Автомобиль транспорт бошқармаси, Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитларини назорат қилиш лабораторияси учун ҳам ишлатиладиган тигелларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА