Маҳаллий селекция навлари етиштириш муҳим вазифа
Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур иштирокчилари мутахассислар ҳамроҳлигида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Миллий маркази тизимидаги ушбу муассасага қарашли тажриба далаларидаги ғўзаларни кўздан кечирди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўрта Осиёда ғўза ва бошқа экинлар уруғчилиги ва уруғшунослиги тармоғини ривожлантиришда муҳим ҳисобланган мазкур институт дастлаб 1922 йилда Туркистон селекцион станцияси номи билан Тошкент яқинидаги Яланғоч қишлоғида ташкил этилган.
Станциянинг асосчиси ва биринчи директори машҳур генетик ва селекционер олим Г.С.Зайцев. Ўша пайтда станциянинг филиаллари ва таянч бўлимлари, унинг асосида ғўза, беда ва бошқа экинларнинг селекцияси ва уруғлиги бўлимлари, қишлоқ хўжалиги ва тажриба-синов станциялари филиаллари, илмий-тадқиқот институтлари ташкил этилди.
Илмий-тадқиқот институтининг илмий ва инновацион ишланмалар бўйича ўринбосари Шодмон Намозовнинг айтишича, ҳозир соҳа мутахассислари жойларда мамлакатимиз шароитига ҳар томонлама мос келадиган янги ғўза навларини яратиш ва уларнинг бирламчи уруғлигини ташкил этиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш имкониятини берувчи экинларни алмашлаб экиш тизимлари бўйича қатор илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.
Мазкур институт ва унинг илмий-тажриба станцияларида ғўзанинг 442 нави яратилган ва улардан 101 та ўрта толали ва 49 та ингичка толали навлар ишлаб чиқаришга жорий этилди. Шу йиллар давомида ғўза навлари бўйича умумий майдон бир неча ўн миллион гектардан ортиқни ташкил этди. Ҳозир фермер хўжаликларида институтда яратилган 23 та ғўза навлари жумладан, 5 таси ингичка толали навлар умумий пахта майдонининг 95 фоизи, яъни, 910 минг гектардан ортиқ майдонда экилган.
[gallery-13157]
Айни пайтда республикамиз пахтачилигида фақат маҳаллий селекция навлари етиштирилади. Илмий муассасадаги Ғўза коллекцияси ва интродукцияси, Ғўза генетикаси ва цитологияси, Ўсимликларнинг биокимёси ва физиологияси, Иммунология ва сунъий иқлим, Биотехнология ва фитопатологик баҳолаш, Тола технологияси, янги навларни синаш ва уруғларини дастлабки кўпайтириш лабораториялари селекционерларга муҳим белгиларга эга янги донор шаклларни яратиш, бошланғич ашё ва селекцион тизмаларни генетик баҳолаш ҳамда янги навлар уруғларини кўпайтиришда яқиндан ёрдам бериб келмоқда.
Институт Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа давлатлар олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан алоқаларни сақлаб келмоқда. Яратилган ингичка толали C-6037 ғўза нави Лейпцигда 1981 йилда ўтказилган халқаро кўргазмада олтин медал билан тақдирланган. Илмий жамоа меҳнати маҳсули бўлган “Бухоро-6” нави эса Ливерпуль пахта биржасида олтин медалга сазовор бўлиб, унинг толаси стандарт сифатида қабул қилинди.
Охирги йилларда ўрта ва ингичка толали ғўзанинг 250 дан ортиқ навлари яратилди. Хусусан, сўнгги 5 йил ичида 51 нав яратилган. Шундан 41 таси Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реестрига киритилди. Институт олимлари Ўзбекистон Республикасининг селекция ютуқлари ва фойдали моделлари учун 112 та патент ҳамда Россия Федерациясининг 4 та патентига эга бўлди. Ҳозирги кунда институтда 19 та лаборатория ва 2 та ноёб объект мавжуд. Пресс-турда журналистлар соҳа бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА.