Маҳаллий Кенгашлар фаолияти тубдан ўзгармоқда
Хўш, Наманганда маҳаллий Кенгашлар фаолиятида янгича тизим, янгича ишлаб услубида нималар ўзгарди? Бугун Кенгашлар том маънода, “Халқ Кенгаши”, “Халқ уйи”га айландими? Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши раиси, депутат, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов билан уюштирилган интервью-суҳбатимиз айни шу мавзуда бўлди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ва маъмурий ислоҳотлар маҳаллий Кенгашларнинг мақомини тубдан ўзгартирди.
Агар илгари Кенгашлар кўпроқ қарорларни тасдиқловчи орган сифатида қаралган бўлса, бугун улар ижро ҳокимияти устидан ҳақиқий назоратни амалга оширувчи, аҳоли манфаатларини бевосита ҳимоя қилувчи институт даражасига кўтарилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида мутлақо янги босқич бошланди. Бу фақатгина ташкилий ўзгариш эмас, балки маҳаллий давлат бошқарувини ташкил этишнинг янгиланиши демакдир.
– Янгиланган Конституциямизда маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилиши белгиланганлигидан келиб чиқиб, “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилини рўёбга чиқариш, Ўзбекистон 2030 стратегиясида белгиланган “маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг чинакам “овозига” айлантириш вазифасини ижро этиш мақсадида, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилди, – дейди суҳбатдошимиз Солижон Мўминов. – Ушбу тартиб 2024 йил сайловлари якунларига кўра, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, 2026 йил 1 январдан барча туман ва шаҳарларда жорий этилди. Мазкур жараёнга бирдан кириб келингани йўқ. Бу пухта ўйланган, конституциявий асосланган, босқичма-босқич амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаларида хам вакиллик органлари раҳбарларига катта вазифалар белгилаб берилди. Бу биз депутатларга билдирилган юксак ишонч намунасидир.
Кенгашлар фаолиятини ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 23 июлдаги “Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонлари ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” имзоланди.
Мазкур ҳужжатларга асосан, ижро ҳокимияти органларига тегишли бўлган 37 та ваколат маҳаллий Кенгашларга ўтказилди. Хисобот ва ахборот эшитишга оид иш юкламаси 134 тадан 45 тага ёки 66 фоизга мақбуллаштирилди. Шунингдек, Кенгашлар фаолиятини тартибга солиш юзасидан Сенат томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган 30 га яқин қарорлар қабул қилинди.

– Солижон Жалилович, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ўтказилаётган сессиялар ва уларда кўриб чиқилаётган масалалар, қабул қилинаётган қарорларда мазмун, сифат, самарадорлик кўзга ташланяптими?
– Бугунги кунда халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳамда 14 шаҳар ва туман Кенгаши фаолият юритмоқда. Уларда жами 400 нафар депутатлик ўрни бўлиб, ҳозирда Кенгашларда жами 396 нафар депутат ўз ишларини олиб боришмоқда. Шундан 285 нафари эркак, 111 нафари эса аёллардир.
2026 йилнинг январь-август ойлари мобайнида вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан депутатлик назоратини расмиятчиликдан амалий натижага ўтказиш, маҳаллий бюджет ва давлат дастурлари ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш, ҳар бир депутатни ўз сайлов округида аҳолининг ишончли вакилига айлантириш, Кенгашлар фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва рақамлаштиришни таъминлаш мақсадида бир қатор амалий ишлар қилинганини эътироф этиш жоиз.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятига баҳо беришда, аввало, қабул қилинган қарорлар сонига эмас, балки ушбу қарорларнинг ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қандай амалий натижа бераётганига эътибор қаратиш муҳим.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳаллий Кенгашларда 116 та сессия ўтказилиб, уларда жами 1122 та масала муҳокама этилган, тегишли қарорлар қабул қилинган. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу қарорларнинг ҳар бири аниқ ижрочи, аниқ ижро муддати ва аниқ натижа индикаторлари белгиланган ҳолда қабул этилмоқда.
Бошқача айтганда, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида тавсиявий характердаги қарорлардан аниқ вазифа, масъул ижрочи, муддат ва натижага қаратилган қарорлар қабул қилиш амалиётига тўлиқ ўтилмоқда. Бу эса қабул этилаётган қарорлар ижроси устидан таъсирчан депутатлик назоратини таъминлаш, масъулиятни ошириш ҳамда аҳоли учун амалий натижаларга эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ушбу масалалар давлат органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш, назорат-таҳлил тадбирлари натижаларини кўриб чиқиш, ҳудудларни ривожлантириш дастурлари, бош режалар, маҳаллий бюджет, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорларини белгилаш, инфратузилмани ривожлантиришга йўналтириладиган маблағларни белгилаш каби муҳим йўналишларни қамраб олди. Энг муҳими, бу қарорлар амалиётда, фуқароларнинг хаётига ижобий тасир этишда ўз аксини топмоқда.
Масалан, Наманган шаҳрида Сардоба бозори ҳудудида замонавий ер усти пиёдалар йўлаги – кўприк қурилиши учун маблағлар ажратилди. Шунингдек, Мингбулоқ туманидаги Алами ва Ўрта қишлоқ, Наманган туманидаги Боғ ва Қайкавус, Косонсой туманидаги Ўрта қишлоқ ва Боғ, Уйчи туманидаги Кесканёр маҳалларида ичимлик суви тизимини яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Йўл инфратузилмаси бўйича ҳам Кенгаш қарорларининг амалий аҳамиятини кўришимиз мумкин. 2026 йилда “драйвер” лойиҳалар дастури доирасида Наманган вилоятида йўл ишлари учун 39,563 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Биргина Чуст туманининг Янги боғишамол маҳалласидаги Бинокор кўчаси ва Сабзазор маҳалласидаги Янгиер кўчасини хизмат кўрсатиш ва сервис кўчасига айлантириш мақсадида 1,2 километр йўл ва 2,5 километр пиёдалар йўлаги ташкил этилмоқда.
Бу ўринда, депутатлик корпусининг вазифаси фақат маблағ ажратиш билан чекланмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим. Депутатлар ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, белгиланган объектларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, энг муҳими, ушбу ишлар аҳоли учун қандай натижа бераётганини назорат қилиб боришмоқда.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Кенгаш қарорлари ва депутатлик назорати бир-бирини тўлдирувчи муҳим механизм сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, мамлакатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 октябрдаги тегишли қарори асосида Косонсой ва Норин туманларида “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар бунга яққол мисолдир.
Яна бир муҳим йўналиш – оғир тоифадаги маҳаллаларни ривожлантириш бўлиб, Юртбошимизнинг 2026 йил 5 февралдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида масала халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида кўриб чиқилиб, 2026 йил 18 февралда тасдиқланган қарорга кўра, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ва жойларда ўтказилган ўрганишлар асосида 10 тумандан 42 оғир тоифадаги маҳалла танлаб олинди.
Ушбу маҳаллаларни зарур инфратузилма билан таъминлаш учун манзилли дастур шакллантирилиб, республика бюджетидан 84 миллиард сўм, маҳаллий бюджетдан 42 миллиард сўм маблағ тегишли Кенгаш қарорлари асосида йўналтирилмоқда.
Эркин қолдиқ маблағлари доирасида ҳам ажратилган маблағлар доирасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Косонсой туманидаги марказий уй-жой бинолари ва иншоотларини реконструкция қилиш, Наманган шаҳрининг Ғирвон маҳалласи ҳудудида 200 қатновли оилавий поликлиника қуриш, Давлатобод туманидаги теннис корти биноларини таъмирлаш, шунингдек, Мингбулоқ туманидаги 120 ўринли иккинчи вилоят фтизиатрия шифохонасини реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатлар учун ҳам маблағлар ажратилди. Бундай амалий мисоллар депутатлик корпуси фаолиятида “қарор қабул қилиш – маблағ ажратиш – ижрони назорат қилиш – натижани баҳолаш” занжири шаклланаётганини кўрсатади.
Кенгаш қарорларининг аҳоли ҳаётидаги аҳамиятини яна бир муҳим ёрқин мисоли сифатида, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонуни ижроси доирасида халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг тегишли қарорлари асосида ўтказилган 15 сессияда 13 мингдан зиёд фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлари эътироф этилди.
Бинобарин, маҳаллий Кенгашлар қарорлари ҳудудларни ривожлантириш, бюджет маблағларини аҳоли манфаатига йўналтириш ва депутатлик назоратини кучайтиришнинг муҳим воситасига айланмоқда.
– Депутатлик назоратининг энг таъсирчан воситаларидан бири – депутатлик сўровидир. Бу борада наманганлик халқ ноибларининг ишида қандай ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда?
– Фикрингизга қўшиламан, депутатлик фаолиятининг асосий мезони – қабул қилинган қарорлар сони эмас, балки уларнинг одамлар ҳаётида қандай ўзгариш бергани билан ўлчанади.
Жорий йилнинг ўтган саккиз маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан жами 1018 та сўров киритилди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич атиги 304 тани ташкил этган эди — яъни, ўсиш уч баробардан ортиқ тенг.
Бундай ўсиш замирида энг аввало, депутатлар учун сўров киритишнинг электрон тартиби жорий этилганидир. Бу борада Олий Мажлис Сенати ҳамда маҳаллий Кенгаш котибиятлари томонидан депутатлар билан ушбу тизимдан фойдаланиш бўйича ўтказилган семинарлар ва тушунтириш ишлари ҳам катта туртки бўлди.
Эндиликда депутат ўз сўровини ташкилотга қоғоз шаклида етказиб бериши шарт эмас: барча сўровлар “Е-Кенгаш” электрон тизими орқали бевосита масъул ташкилотнинг ўзига етиб боради. Айни пайтда депутат сўров ижросининг жавобини ва натижасини онлайн тарзда кузатиб бориш имконига эга бўлди. Бу эса ортиқча расмиятчилик тўсиқларини бартараф этди.
Қолаверса, ноиблар ўз сўрови амалда натижа бераётганини кўрди. Депутат сўровлари туфайли йўл инфратузилмаси, коммунал хизматлар, ичимлик суви ва электр таъминоти, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби йўналишлардаги муаммолар ижобий ҳал этилмоқда.

Сўровларнинг ижроси нафақат Кенгашлар, балки вилоят ҳокими ҳамда туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳам доимий назоратида. Сўровлар натижалари ҳокимлик соатлари ва аппарат йиғилишларида мунтазам муҳокама қилиб борилиб, имкон қадар ижобий ечим топмоқда.
Масалан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Раҳмонжон Эгамбердиев томонидан Чортоқ тумани 50-Хамид Олимжон сайлов округи ҳудудидаги Гулдиров, Ободдиёр, Чорсу, Сой ва Гулшан, Янгиқўрғон туманининг Ёрилган, Қораполвон, Радивон ва Қўриқ маҳаллалари аҳолиси учун ҳам жиддий экологик муаммо ҳисобланган Янгиқўрғон ва Чортоқ туманлари чегарасида жойлашган маиший чиқинди ташлаш полигони аҳолининг жиддий эътирози ва саломатлигига салбий таъсир этиб келаётган жой сифатида ном чиқарган эди.
Депутатнининг томонидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси, “Наманган мусаффо иқлим”, “Ориф нурли келажак”, “Тоза ҳудуд” шаҳар ва туман бўлимлари ҳамда чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармасига йўлланган мурожаатлардан сўнг, икки туманнинг тўққизта маҳалла аҳолиси эътирозига сабаб бўлаётган полигонда чиқиндиларни доимий ёниб ётиши бартараф қилиниб, ҳудуддаги жиддий экологик муаммо ҳал этилди.
Ёки вилоят Кенгаши депутати Наргиза Мухамадиева фаолиятини олайлик, у Янгиқўрғон туманининг Тиллатепа маҳалласида ичимлик суви билан боғлиқ муаммони кўтарди. 2024 йилда бошланган тармоқ тортиш ишлари тўхтаб қолгани сабабли, айрим хонадонлар узоқ вақт сув тармоғига уланмай қолган эди. Депутатлик сўровидан сўнг, масъул ташкилотлар томонидан ишлар якунланиб, юзлаб хонадонлар марказлашган ичимлик суви тармоғига уланди.

Яна бир амалий мисол, вилоят Кенгаши депутати, сиёсий фанлар доктори, профессор Наримон Деҳқоновнинг депутатлик сўрови ҳам яхши натижа берди. Унинг Чуст тумани ҳудудидан ўтувчи Д-114 автомобиль йўлидаги муаммолар юзасидан киритган сўрови асосида бир нечта маҳаллаларда йўл қопламалари таъмирланди, эски йўл белгилари янгиланди ва маҳаллалар кириш-чиқиш қисмларига видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Шунингдек, Ифтихор маҳалласи аҳолиси мурожаати асосида банкомат ўрнатилиши ҳам таъминланди.
Келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, депутатлик сўрови – оддий расмий ҳужжат эмас, у аҳоли мурожаатини аниқ вазифага, вазифани эса амалий натижага айлантирадиган воситага айланди. Энг асосийси, сўровларнинг ҳар бири ортида инсоннинг ҳаёти, оиласи ёки бутун бир маҳалланинг муаммоси турибди. Шу маънода, депутатлик сўрови – депутат билан аҳоли ўртасидаги амалий кўприк, Кенгаш билан ижро органлари ўртасидаги таъсирчан назорат механизми ва энг муҳими, муаммодан ечимга олиб борувчи воситадир. Шу ўринда, ноиблар фаолиятида аҳоли мурожаатларини ўрганиш ҳамда депутатлик сўровлари билан бир қаторда, уларнинг ўз ташаббуси, ҳомийлиги ва бевосита иштироки асосида ҳудудларда амалий ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Масалан, 46-Тўда сайлов округидан депутат Расулжон Тўйчиев ташаббуси билан Норин туманининг Сойбўйи маҳаласида жойлашган Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотира хиёбонининг 265 квадрат метр майдони ҳомийлар кўмагида бетонлаштирилиб, ободонлаштирилди. Унинг ташаббуси ва маҳалла фаоллари ҳамда аҳоли ҳомийлиги асосида Норинкапа маҳалласида хавфли чорраҳага светофор, кузатув камералари ва пиёдалар ўтиш йўлаклари ўрнатилди.

Бундай ташаббуслар жамоат транспорти масаласида ҳам ўз самарасини бермоқда. Вилоят Кенгаши депутати Аҳмаджон Фозиловнинг бевосита иштироки билан Янги Наманган туманидаги Бобораҳим Машраб номли ва Мингчинор маҳаллаларида бир йилдан зиёд вақт давомида тўхтаб қолган автобуслар қатнови қайта йўлга қўйилди.
Чортоқ туманида эса вилоят Кенгаши депутати, тадбиркор Баҳодир Абдураҳимов ташаббуси ва ҳомийлигида Нурафшон ва Истиқлол маҳаллаларини боғлаб турувчи, кўп йиллардан бери эскириб қолган кўприк янгидан қурилиб, ахолига фойдаланишга топширилди.
23-Тараққиёт сайлов округидан депутат Зокиржон Хўжаев ташаббуси билан Наманган шаҳридаги Обод маҳалласида қарийб бир километр таъмирталаб йўл шағаллаштирилди.
1-Марказий Поп сайлов округи депутат Сабоҳон Муйсиналиева ташаббуси ва хомийларни жалб этган қолда Поп тумани Келачи маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага ҳомийлар кўмаги асосида икки хонали квартира туҳфа қилинди.
Бундай ташаббуслар шуни кўрсатмоқдаки, депутатлар ўз ваколатлари доирасида давлат органларига таклиф ва сўровлар киритиш асносида, ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани яхшилаш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ва бандлик масалаларида ҳам шахсий ташаббус билан амалий ишларга ҳисса қўшишмоқда.
– Маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган доимий комиссиялар фаолияти хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Бугунги кунда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида жами 77 та доимий комиссия фаолият юритмоқда. Улар маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар; хорижий инвестициялар ва туризм; коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик; фан, таълим ва соғлиқни сақлаш; ёшлар сиёсати, маданият ва спорт; аграр, сув хўжалиги ва экология ҳамда регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича еттита йўналишда ташкил қилинган. Мазкур тузилма ҳар бир соҳа депутатлик назорати доирасидан четда қолмаслигини таъминлаган. Бунда энг аввало, ҳар бир доимий комиссияга ўз йўналишига оид тегишли қонунлар, Президент фармон ва қарорлари ҳамда ҳукумат қарорлари бириктирилди. Шу орқали комиссиялар депутатлик ўрганишлари хисоботларни эшитишда умумий масалалар билан эмас, балки аниқ соҳа ва аниқ ҳужжатлар ижроси билан тизимли депутатлик назоартини олиб бориш имконига эга бўлишди. Натижада, ҳар бир комиссия ўзига бириктирилган ҳужжатлар ижросини мунтазам ўрганиб, унинг натижалари юзасидан хулоса ва таклифлар тайёрлаб бормоқда.

Қолаверса, сессияга киритиладиган барча масалалар, истисносиз, олдиндан доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокамадан ўтказилмоқда. Комиссия хулосасисиз бирорта ҳам масала сессия кун тартибига киритилмайди. Ушбу тартиб масалаларнинг пухта тайёрланган, чуқур ўрганилган ҳолда кўрилишини таъминлади ва депутатларнинг қарор қабул қилишдаги масъулиятини оширди.
Шунингдек, ҳар бир кўриб чиқилаётган масала бўйича депутатлик назоратини таъминлаш мақсадида масалаларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш амалиёти йўлга қўйилган. Бунда доимий комиссия аъзолари ва депутатлар тегишли соҳа объектларига бевосита чиқишиб, ҳужжатларда келтирилган маълумотларни амалдаги ҳолат билан солиштиришади, мавжуд муаммоларни ўрганишади ҳамда аҳоли ва соҳа ходимларининг фикр-мулоҳазаларини эшитишади. Бу орқали муаммонинг асл сабаблари жойида аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ ва амалий таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Масалан, вилоят тиббиёт бирлашмаси фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни сессияда эшитишдан олдин тиббиёт муассасаларининг фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Наманган шаҳрида вилоят Кенгаши депутати Носирбек Абдуллахонов томонидан 14-оилавий поликлиника, вилоят Кенгаши депутати Илҳомжон Отабоев тарафидан Наманган шаҳри тиббиёт бирлашмаси фаолияти атрофлича ўрганилди. Шунингдек, Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида вилоят Кенгаши депутати Наргиза Муҳаммадиева томонидан 59-сонли оилавий поликлиника, Янги Наманган туманида Кенгаш котибияти мудири Талъат Ғаффоров ва вилоят Кенгаши депутати Муҳаммаджон Алихонов иштирокида туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ушбу ўрганишлар натижасида тиббиёт соҳасидаги ютуқ ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Масалалар кейинчалик доимий комиссия йиғилишларида батафсил муҳокама қилиниб, масъул раҳбарларнинг ахборотлари эшитилмоқда ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар белгиланмоқда.
Эътиборлиси, масала аввал жойида ўрганилиб, кейин комиссияда муҳокама қилинмоқда ва шундан сўнггина сессия кун тартибига киритилмоқда. Бу эса Кенгаш қарорларининг асосланганлиги, амалий натижадорлиги ва депутатлик назоратининг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Бундай ёндашув доимий комиссияларни расмий тузилмадан ҳақиқий ишчи органга айлантирмоқда, қабул қилинаётган қарорларнинг асослилиги ва ҳаётийлигини таъминламоқда.
– Депутатларнинг қонунчилик йўналиши ҳамда давлат дастурлари ижросини ўрганиши бўйича фаолияти қандай самара бермоқда?
– Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг ўзида маҳаллий Кенгашларда 201 та қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич атиги 53 тани ташкил этган эди – яъни, муҳокама қилинган қонун лойиҳалари сони қарийб тўрт баробарга ортди. Шунингдек, қонунлар тарғиботи ҳамда уларнинг ижросини ўрганиш бўйича 515 та тадбир ўтказилди.
Бу ишлар Олий Мажлис Сенати билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик асосида олиб борилмоқда. Маҳаллий Кенгаш депутатлари Сенатнинг ялпи мажлисларида ҳамда қўмиталар йиғилишларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Бу орқали, бир томондан, жойлардаги реал вазият ва аҳоли муаммолари бевосита қонун ижодкорлиги жараёнига етказилмоқда; қолаверса, депутатлар қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини ва улардан кўзланган мақсадни манбадан билиб, ўз ҳудудида тўғри тушунтириш имконига эга бўлишмоқда.
Рақамлар ортида муҳим бир ўзгариш турибди: маҳаллий Кенгашлар энди фақат жойлардаги масалалар билан чекланмай, қонунлар ижроси устидан олиб бориладиган парламент назоратининг тўлақонли иштирокчисига айланмоқда. Яъни, депутат ўз ҳудудидаги муаммони ҳал этибгина қолмай, қонунчиликнинг шаклланиш жараёнига ва унинг амалдаги ижросига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Таъкидлаш керакки, мазкур йўналишда ҳали етарлича фойдаланилмаётган имкониятларимиз ҳам мавжуд. Хусусан, маҳаллий Кенгаш депутатларининг қонунчилик ташаббуси билан чиқиши, амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш борасидаги фаоллигимиз қониқарли даражада эмас. Жойларда аниқланган муаммоларни умумлаштириб, қонунчиликдаги бўшлиқлар ёки амалиётда самарасиз ишлаётган нормалар бўйича асосланган таклифлар ишлаб чиқишимиз зарур. Шу боис, келгусида ҳар бир депутат ва қўмита ўз йўналиши бўйича муаммони фақат аниқлаш ва назорат қилиш билан чекланмасдан, унинг ҳуқуқий ечимини ҳам ишлаб чиқиш зарур. Аҳоли мурожаатлари, депутатлик назорати ва жойлардаги амалий тажрибани қонунчиликни такомиллаштириш учун муҳим манбага айлантириб, парламент, тегишли вазирлик ва идораларга аниқ ва асосланган таклифлар киритиш амалиётини кучайтириш вазифасини белгилаб олганмиз.
Ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ижросини назорат қилиш мақсадида Президент ҳужжатлари, Олий Мажлис палаталари ва Ҳукумат қарорлари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларда белгиланган чора-тадбирлар тўлиқ хатловдан ўтказилди.
Маҳаллалар билан ҳамкорликда белгиланган лойиҳалар ижросини самарали назорат қилиб бориш мақсадида 396 нафар маҳаллий Кенгаш депутати ўз сайлов округидаги 754 та маҳаллага манзилли бириктирилди. Улар томонидан ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган дастурларда белгиланган 961 га яқин лойиҳа ва объектларда амалга оширилаётган ишлар назоратга олинди. Депутатлар томонидан 856 та лойиҳа ва объект бевосита жойига чиқиб ўрганилди.

Жумладан, Чуст туманининг Тошқўрғон маҳалласида жойлашган 52-сонли умумтаълим мактабини реконструкция қилиш лойиҳаси Кенгаш котибияти мудири Талъат Ғаффоров ҳамда вилоят Кенгаши депутати Наримон Деҳқонов иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Бундан ташқари, Уйчи туманидаги 31-сонли ҳамда Косонсой туманининг Шайхон маҳалласидаги 14-сонли умумтаълим мактабларини реконструкция қилиш жараёнлари ҳам депутатлар ва ишчи гуруҳлар томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Умуман, амалга оширилаётган бу каби ўрганишлар туфайли лойиҳаларнинг сифати, муддати, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, қурилиш ишларининг белгиланган талабларга мувофиқлиги ҳамда аҳоли учун яратилаётган шароитлар назоратга олинмоқда.
Аниқланган камчиликлар юзасидан масъул ташкилотларга тегишли кўрсатма ва таклифлар киритилиб, уларнинг бартараф этилиши кейинги ўрганишлар ва депутатлик назорати тартибида кузатиб борилмоқда. Шу тариқа, депутатлар томонидан дастурларнинг қоғоздаги ижросини эмас, уларнинг жойлардаги ҳақиқий натижадорлигини баҳолаш, аниқланган муаммоларни масъуллар олдига қўйиш ва уларнинг ечимини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Халқ билан мулоқот давлат ташкилотлари фаолиятида устуворлик касб этмоқда. Бу борада Кенгашлар аҳоли билан мулоқот ва муаммолар ечимида иш фаолиятидан қониқиш ҳосил қилиняптими?
– Сўнгги йилларда даврида депутатларнинг аҳоли билан мулоқотлари янада фаоллашди. Биргина шу йилнинг ўзида жойларда 1 минг 306 учрашув ва сайёр қабул ташкил этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга қаранганда 391 тага кўп демак. Бу депутатларнинг аҳоли билан бевосита мулоқоти ва ҳудудлардаги муаммоларни ўрганишга бўлган эътибори сезиларли даражада ошганлигини кўрсатади. Бу мулоқотлар давомида 1 минг 459 муаммо аниқланиб, шундан 958 таси ижобий ҳал этилди, қолганлари бўйича эса масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўрилмоқда. Бу борада яна бир муҳим янгилик амалиётга жорий этилди. Энди депутатлар қабуллари фақат ноиб иштирокида эмас, балки масалага дахлдор ижро ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотларнинг масъул раҳбар ҳамда мутахассислари иштирокида ўтказилмоқда.

Бунинг натижасида кўплаб масалалар фуқарони турли идораларга юбормасдан, қабулнинг ўзидаёқ муҳокама қилиниб, тезкор ечим топмоқда. Бошқача айтганда, бугунги кунда фуқаро муаммоси билан идорама-идора юрмайди, аксинча, давлат идоралари фуқаро олдига келиб, унинг муаммосини жойида ҳал этишга хизмат қилиши керак.
Шунингдек, депутатлар томонидан жами 1 минг 110 мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 885 таси ижобий ҳал этилди. Натижада мурожаатларни ҳал этиш даражаси 79,7 фоизни ташкил этди. Масалан, ўзим депутат бўлиб сайланган 22-«Баркамол авлод» сайлов округи мисолида бу йўналишдаги ишларни алоҳида тўхталсам, сўнгги икки йил ичида 20 дан ортиқ сайёр қабул, хонадонбай ва кўчабай ўрганишлар ўтказилди. Уларда 200 дан зиёд фуқаролар қатнашиб, уларнинг мурожаат ва таклифлари бевосита ўрганилди. Натижада соғлиқни сақлаш, йўл, электр таъминоти, кадастр каби йўналишлардаги 50 дан ортиқ мурожаат ижобий ҳал этилди. Муҳими, қабуллар фақат мурожаатларни эшитиш билан чекланиб қолмади. Учрашувларда кўтарилган масалалар тегишли ташкилотлар билан биргаликда ўрганилиб, уларнинг амалий ечими таъминланди. Жумладан, Наманган шаҳрининг Саноат маҳалласида 11-сонли замонавий мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Саноат кўчасидаги 3,64 километр йўл тўлиқ асфальтланди, 3,8 километр эски ичимлик суви қувури янги полиэтилен қувурга алмаштирилди. Гулбоғ маҳалласида Янгиариқ кўчасининг икки километри шағаллаштирилиб, Чортоқ кўчасидаги икки километр таъмирталаб йўл асфальтланди. Чаман маҳлласидаги янги участкаларда 3,8 километр йўл асфальтланди, бешта трансформатор, 110 бетон таянч устуни ва тунги ёритиш воситалари ўрнатилиб, 3,5 километр янги электр кабели тортилди. Шунингдек, тадбиркорликни бошлаш истагидаги фуқароларга кредит маблағларини олишда амалий кўмак кўрсатилди. Баркамол авлод маҳлласининг 17-Мусаффо ва 4-Ёғду кўчаларидаги бир километр йўл бетонлаштирилиб, иккита янги трансформатор ўрнатилди. 88-сонли умумтаълим мактабига 400 ўринли қўшимча бино қурилди. Бундай бунёдкорлик ишлари Яккатут, Гузар, Ғишткўприк, Янгиҳаёт, Қувонч, Янги қурилиш ва Обжувоз маҳаллаларида ҳам амалга оширилди. Хусусан, йўллар таъмирланди ва асфальтланди, ичимлик суви тармоқлари янгиланди, электр таъминоти яхшиланди, янги мактабгача таълим муассасалари барпо этилди.
Албатта, бу натижалар бир кунда ёки биргина мурожаат билан амалга ошган ишлар эмас. Бу – депутатнинг аҳоли билан доимий мулоқоти, муаммони жойига чиқиб ўрганиши, тегишли ташкилотларга таклиф ва депутатлик сўровларини киритиши ҳамда унинг ижросини назорат қилиши натижасидир. Чунки депутатлик фаолиятининг энг муҳим мезони – қанча учрашув ўтказилгани эмас, балки ана шу учрашувлар натижасида қанча инсоннинг муаммоси ҳал этилганидир.
ЎзА мухбири Оқилхон Дадабоев суҳбатлашди