Маҳаллий Кенгашлар фаолияти такомиллашмоқда
Фармон ва ижро
Олмалиқ шаҳрида “Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини намунали ташкил этишнинг устувор йўналишлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, туман-шаҳарлардаги депутатлар, шаҳар ҳокимлиги вакиллари, ҳамкор ташкилотлар мутахассислари қатнашди.
Жараёнда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, кадрлар ва моддий-техник масалаларни ҳал этиш, депутатлар фаоллигини ошириш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутатларининг иш жараёни кўриб чиқилди. Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан ҳозиргача 15 та турли давлат ташкилоти раҳбарларига депутатлик сўровлари юборилган бўлиб, шундан барчасига ўз муддатида ижобий жавоблар олинган. Шу билан бирга, 107 маротаба халқ билан учрашувлар ўтказилган. Унда қабул қилинган оғзаки ва ёзма мурожаатларга тегишли тартибда жавоб берилган.
Семинарда Президентимизнинг 2025 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар таҳлил қилинди. Айниқса, мазкур ҳужжатда маҳаллий Кенгашлар, уларнинг органлари ҳамда депутатларининг назорат фаолиятини такомиллаштириш, бюджет ва ҳудудларни режалаштириш жараёнларидаги иштироки кучайтирилгани қайд этилди. Тадбирда ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссия фаолияти кўриб чиқилди.

– Шу кунгача сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан зарур чоралар кўриш учун жойларда 15 марта учрашувлар ўтказилган, – дейди мазкур комиссия раиси Азамат Мавлонов. – Таълим тизимининг ҳолатини, ўқув-тарбия жараёнини ривожлантириш, коллеж ва техникумларда ёшларнинг муайян касб эгаси бўлишини, бандлиги таъминланиши таҳлил қилиниб, яхшилаш бўйича тавсиялар киритилмоқда. Жойларда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, маҳаллий даволаш-профилактика муассасаларини ривожлантириш бўйича назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилмоқда.
Тадбир давомида коррупцияга қарши курашиш, хавфсизлик ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилди. Маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги Эксперт гуруҳлари, Ёшлар маслаҳат гуруҳлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иш тажрибаларидан самарали фойдаланиш кераклиги айтилди.

А.Мусаев, ЎзА.