Маҳалланинг маълумотлар базаси шакллантирилмоқдa
Фоторепортаж
Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида 4 минг 300 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда маҳалла масъуллари ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси томонидан маълумотлар базасини шакллантириш ишлари жадаллик билан олиб борилаётир. Бу жараёнда маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни “хонадонбай” ўрганиш, аҳолининг бандлик даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини таҳлил қилишга асосий эътибор қаратилмоқда.
– Ҳозирда маҳалладаги хонадонларни сўровнома асосида хатловдан ўтказиш жараёни давом этмоқда, - дейди тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси Комил Тожиев. – Ўрганишлар натижасига кўра, маҳалладаги муваффақиятга эришган тадбиркорлар ва актив аҳоли билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, фаоллар билан маслаҳатлашув натижаларидан келиб чиқиб, ихтисослашувини, яъни “ўсиш нуқтаси” аниқлаб олиш, мавжуд тадбиркорлик субъектларида юзага келган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш каби вазифаларни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Шунингдек, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш устувор вазифа этиб белгиланган.
– 2021 йилда маҳалламиздаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмаларни шакллантириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш орқали уларни жамиятда тўлақонли ўрин топишига кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар бажарилди, - дейди оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича раис ўринбосари Гулзора Қораева. – Биринчи босқичда 54, иккинчи босқичда 65 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, кўрсатилган молиявий ва психологик кўмак ёрдамида улар ўзини ўнглаб кетди. Йил давомида аёлларнинг 12 нафари мустақил равишда ўзини ўзи банд қилди, 2 нафарига кредит ажратилди, 4 фуқарога тикув машинаси ва печь олиб берилди.
[gallery-5526]
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА