Маҳалланинг кучи ҳам, имкониятлари ҳам кўп
Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институтининг мақоми оширилиб, ваколатлари кенгайтирилди. Бунинг натижасида маҳалла тадбиркорлик ва бандлик марказига, ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳал этиладиган яхлит масканга айланмоқда.
Маҳаллада жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликни камайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Бу борада маҳалланинг кучи ҳам, ишга солинмаган имкониятлари ҳам кўп.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни шу имкониятларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишнинг янги тизимини яратишга қаратилган қарор “Барчаси – инсон қадри учун” ғоясига содиқликнинг намоён бўлиши ҳисобланади. Эътироф этиш керакки, маҳаллаларда ва аҳоли яшайдиган жойларда хавфсиз муҳитни яратишни мақсад қилган давлатда инвестиция оқими, туризм ва маданият юқори суратларда ривожланади.

Мазкур қарор билан маҳаллаларда, жамоат жойларида ва аҳоли яшаш масканларида хавфсиз муҳит яратиш, фуқаролар ҳаёти, соғлиги ва мол-мулкига ҳар қандай тажовузларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига замонавий рақамли технологиялар ва техник воситаларни кенг жорий этиш белгиланмоқда. Ушбу ишлар жорий йилда рақамли хавфсиз маҳалла концепцияси асосида республиканинг барча маҳаллаларида манзилли равишда амалга оширилади. Бунда Ички ишлар вазирлигининг “Хавфсиз шаҳар” маркази томонидан ҳар бир маҳалланинг асосий кириш-чиқиш жойларига, шахсни идентификация қилувчи ва транспорт воситаларининг давлат рақамини таниб олувчи қурилмалар, ҳовлиларда ақлли видеокамералар, йўлакларда замонавий домофонлар ҳамда уйларда техник қўриқлаш мосламалари ўрнатилиши ташкил этилади.
Шунингдек, қарорга мувофиқ, аҳолининг ҳуқуқий онги, ижтимоий масъулиятини оширишга жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва маҳалла фаоллари кенг жалб этилади. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда маҳаллалардаги муаммоларнинг ўз вақтида ва самарали ҳал этилишида нуронийлар билан маҳалла еттилигининг узвий ҳамкорлиги таъминланаётганлиги, нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан фойдаланиш тизими йўлга қўйилганлиги ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Ҳужжат билан, маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича 2025 йил биринчи ярим йиллигига мўлжалланган манзилли чора-тадбирлар дастури ҳамда “вилоят-туман-маҳалла” даражалари бўйича чораклик намунавий “Йўл хариталари” тасдиқланди. Уларнинг ижросини таъминлашда тизимли назорат қилиб бориш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида 2025 йил давомида доимий фаолият кўрсатувчи республика идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи тузилиши белгиланган.
Бундан асосий мақсад, жорий йилда барча даражадаги масъул раҳбарлар пастга тушиб, бевосита маҳаллаларда ишни ташкил қилади ва номма-ном бириктирилган маҳаллага жавобгарликни олади. Жорий йилда маҳалла жиноятчилигини жиловлаш бўйича ҳар бир масъул идора ва муассаса томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижалари юзасидан сўров тизими йўлга қўйилади. Янги тизим бўйича маҳаллада натижа кўрсатган масъуллар, албатта, рағбатлантирилади, ишламагани бўлса жазоланади.
Мазкур қарор маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолиятни 2025 йилда сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга, бу борада масъул давлат органлари ва муассасалари томонидан манзилли чора-тадбирлар кўрилишига хизмат қилади.
Алмагул Байриева,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.
ЎзА