Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалланинг ишбилармон аёли

Бухоро вилояти Когон шаҳар “А.Қодирий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи тадбиркор аёл Нафиса Шахдилова бир неча йилдан буён нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда. У ўз фаолиятини 2017 йилда бор-йўғи 3 нафар хотин-қиз билан бошлаган бўлса, бугунги кунда ишчи-ходимлари 10 нафардан ошган.

Цехда ҳар куни буюртмаларга қараб ўртача 1000 тадан 2000 тагача қолипли нон тайёрланади. Шунингдек, 10 хил турдаги ширинлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, қадоқланган ҳолда бозор расталарига етказиб берилмоқда. Маҳсулотлар сифати билан харидорлар эътиборини қозониб, доимий мижозлар сони ҳам ортиб бормоқда.

– Аввало, оиламиз даромадини ошириш ва маҳалламиздаги хотин-қизларга иш ўрни яратишни мақсад қилгандим, –дейди тадбиркор аёл Нафиса Шахдилова. –Илк қадамлар албатта осон бўлмади. Лекин меҳнат қилишдан тўхтамадик, тажриба орттирдик, аста-секин ишимизни кенгайтирдик. Албатта, бугунги натижалар биз учун катта ютуқ. Энг муҳими, жамоамиз кенгайди, маҳсулотларимизга талаб ортмоқда. Бу эса бизга янада илҳом беради. Яқин келажакда иш фаолиятимизни янада кенгайтириб, ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Шу орқали яна қўшимча иш ўринлари яратишни режалаштирганмиз.

Ҳақиқатдан ҳам, Нафиса Шахдилова каби ташаббускор аёллар маҳаллаларда нафақат ўз оиласи, балки кўплаб инсонлар учун барқарор даромад манбаи яратишга ҳисса қўшмоқда. Бундай ибратли тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётгани эса юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири