Маҳалламизни яшил маконга айлантирамиз
Жилвон” маҳалла фуқаролар йиғини Бухоро вилояти Шофиркон тумани марказидан 12 километр узоқликда жойлашган. 594 та хонадон, 751 та оиладан иборат маҳаллада 3 минг 129 киши истиқомат қилади. Географик жиҳатдан вилоятнинг шимоли Қизилқум чўлининг пастки қисми Жилвон этагида жойлашган. Ҳудуд ёзнинг жазирамасини, гармселини, қишда эса кучли изғиринни биринчи бўлиб қаршилайди. Тупроғи чўлланишга мойил-қум ва шағалдан иборат.
Дала-деҳқончилик ишларида айниқса, мавсум жараёнида сув танқислиги сезилиб, аҳоли ва фермер хўжаликлари ерларидан кўзланган ҳосилни етиштиришда муаммолар мавжуд. Сув танқислиги сабабли аҳоли томорқа ерларида мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш қийинчилик туғдиради. Бу муаммо айни дамда аҳоли томорқа ерлари етарлича бўлишига қарамасдан ҳосилдорлик ва иқтисодий самарадорлик ўта паст. Ишсизлик кўрсаткичи юқори даражада қолмоқда. Хўш муаммога ечим борми? Жилвонга қачон сув етиб келади.

Сув танқислиги муаммоси айниқса, Янги Жилвон қишлоғининг Файзиобод ва Заҳкашбўйи кўчаларида истиқомат қилаётган 80 дан ортиқ оилаларнинг 30 гектар, шунингдек, бир нечта фермер хўжаликларининг 50 гектарга яқин ер майдонларини суғоришда яққол сезилади. Бу ҳудуд “Жилвон” канали, Гулистон ариғи (7 км)дан сув ичиши керак. Бироқ 15-20 йилдан буён сув етиб келмайди. Натижада мевали ва манзарали дарахтлар қуриб, чорва озуқа экинлари ҳам жиддий талофот кўрмоқда.
Мазкур муаммоларга ечим топиш мақсадида “Жилвон” маҳалла фуқаролар йиғини Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига “Маҳалламизни яшил маконга айлантирайлик” лойиҳасини тақдим этди. Мазкур лойиҳадан мақсад “Жилвон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудини кесиб ўтувчи Шимолий Шофиркон очиқ зовурида сув насоси ўрнатиш, шу орқали дала-деҳқончилик ишларида, айниқса, мавсум жараёнида сув танқислигини бартараф этиш эди.

–Лойиҳамиз комиссия томонида кўриб чиқилди, – дейди маҳалла фаоли Бобомурод Қаюмов. – Натижада ғолибликни қўлга киритдик. Энди маҳалламиз ҳудудига ҳам сув келадиган бўлди. Бундан аҳоли жуда ҳам хурсанд. Чунки кўп йиллар давомида ҳудудимизда сув танқислиги мавжуд эди. Экилган кўчатлар қуриб қоларди. Сув баҳонасида эълон қилинган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида аҳолимиз фаоллик билан қатнашмоқда. Ҳудудимизда мевали манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Мақсадимиз маҳалламизни яшил маконга айлантириш.
Қиймати 60 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳа ғолиб деб топилди. Шимолий Шофиркон очиқ зовурида сув насоси ўрнатилишига эришилди. Натижада сув танқислиги бартараф этилди.

–Ҳудудимиз аҳолисининг томорқаларини суғоришдаги муаммолари ижобий ечим топди, – дейди “Жилвон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собир Эргашев. – Энди ҳудудимиз “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштирилади. Бу бизнинг олдимиздаги асосий мақсадимиз. Хонадонларимиздаги томорқалардан ҳам самарали фойдаланишади. Турли мевали, манзарали кўчатларни экиш билан бирга сабзавот маҳсулотларини етиштирамиз. Бозорларимизни маҳсулотлардан тўлдиришда ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Зариф Комилов, ЎзА