“Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан ҳудудда электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб бораётгани инобатга олиниб, мавжуд электр тармоқларидаги юкламани камайтириш ҳамда истеъмолчиларни барқарор, узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида давлат дастурлари ва белгиланган чора-тадбирлар асосида мавжуд тармоқларни реконструкция қилиш, қўшимча электр тармоғи қурилиши ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида жойларда янги электр узатиш линиялари тортилмоқда, замонавий ва энергия самарадор ускуналар ўрнатилмоқда. Бу эса электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган носозликлар ва кучланиш пасайишларининг олдини олиш, авариявий ҳолатлар сонини камайтиришга ва истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилмоқда.


Жумладан, Бухоро шаҳридаги “Файзулла Хўжаев”, “Имом ал Бухорий”, “Ғафур Ғулом” ҳамда “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида электр таъминотини яхшилаш учун “Зарафшон” 35/6 кВли подстанциясидан чиқувчи, 6 кВ кучланишдаги қўшимча электр узатиш тармоғи тортилмоқда. Бунинг учун 30 дона мустаҳкам темир бетон таянч ростланди, 5000 метрга яқин сим тортилди ва 4500 метр узунликдаги ер ости кабель тармоғи ётқизилди.

Қўшимча тармоқ қурилиши натижасида мавжуд тармоқларга тушаётган юклама босқичма-босқич камайиб, электр энергиясининг сифати яхшиланади. Натижада аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай ва ишончли электр таъминоти яратилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА