Маҳаллаларга мебеллар ва компьютерлар топширилди
Фуқароларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳар бир оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда маҳалла институтларининг ўрни беқиёс.
Маҳалла жамиятимизнинг энг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади. Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 39 та маҳалла тузилмаси бор. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу тузилмада ишлаётган маҳалла ходимларини ишлаши учун муносиб шарт-шароит яратиш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш борасида ҳам сўнги йилларда қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Яқинда ўз фаолиятини янги бинода давом эттириши кўзда тутилган тумандаги "Миришкор", "Совотобод", "Фарҳод", "Маънавият" маҳаллаларига Республика "Маҳалла" хайрия жамоат фонди томонидан мебеллар тўплами ва компьютерлар жамланмаси ажратилди.
Шу билан бирга, фонднинг Сирдарё вилоят бошқаруви ҳисобидан икки нафар, кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оила соҳибаларига 1 миллион 800 минг сўмлик ёрдам пули берилди.

- Бу хайрли иш бўлди, - дейди туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Зафар Камолов. - Ўтган йили "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Сирдарё вилоят булими, фонд бошқаруви томонидан тумандаги "Янги авлод", "Қаропчи", "Бунёдкор", "Ифтихор", "Ижодкор", "Зиёкор" маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳам мебеллар тўплами ва компьютерлар жамланмалари етказиб берилганди. Бу эса ушбу тузилма ходимларининг иши яхшиланишига, аҳолига муносиб хизмат кўрсатишда муҳим ўрин тутмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА