Маҳаллаларда тадбиркорлик янада ривожланади
Андижон туманида "Миллий иқтисодиётни ривожлантириш – миллий уйғониш" тамойили асосида аҳолини камбағалликдан чиқариш ва даромадини ошириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Туман ҳокими Бахтиёр Маматкаримов, сектор раҳбарлари ҳамда “маҳаллалар еттилиги” вакиллари иштирок этган семинарда кейинги йилларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Андижон тумани маҳаллаларида ҳам оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шу орқали уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Президентимиз ташаббуси билан белгиланган "Миллий иқтисодиётни ривожлантириш – миллий уйғониш" тамойили асосида аҳолини камбағалликдан чиқариш ва даромадини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга кенг имкониятлар яратаётганлиги алоҳида қайд этилди.
Семинарда мутасаддилар томонидан маҳалла етакчиларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолини тадбиркорликка кенгроқ жалб этиш, томорқадан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш имкониятлари, мавжуд ресурслар ҳақида маълумотлар берилди.
Тумандаги Қоратут маҳалласи вакилларига маҳалланинг “юксалиш нуқтаси”ни ҳисобга олиб, аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этиш, қўзиқорин етиштиришни йўлга қўйиш йўналишларида иш ташкил этиш юзасидан таклиф, тавсиялар берилди. Бундан ташқари, маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, чорвачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, паррандачилик, биогомус тайёрлаш ва кўчат етиштириш каби яхши даромад келтирувчи йўналишларни, шунингдек, ҳунармандчиликни ривожлантириш, бу борадаги ишларни тизимли равишда олиб бориш, натижадорликка эришиш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, семинарда иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, аҳолига зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
[gallery-16394]
Семинар доирасида таъминотчи корхоналар, фермер хўжаликлари томонидан иштирокчиларга аҳолига етказиб бериш мумкин бўлган тикувчилик дастгоҳлари, асалари уялари, иссиқхоналар қуриб бериш имкониятлари, турли хизматлар бўйича маълумотлар берилди, кўргазмалар ташкил этилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари