Маҳаллаларда сайёр қабуллар ўтказилмоқда
Айни кунларда Хоразм вилоятида Республика ишчи гуруҳи вакиллари иштирокида вилоят секторлари, вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан ишсизлик ва камбағаллик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда оммавий сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Фуқароларни ташвишлантираётган ижтимоий-маиший муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этаётган бу каби сайёр қабуллар Урганч, Хива шаҳарлари, Ҳазорасп, Шовот туманларида ўтказилди.
Ҳазорасп туманидаги қабулда Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари ҳамда бошқа марказий давлат органлари раҳбарлари иштирок этди. Қабулда жами 103 та мурожаат келиб тушди. Шундан 25 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилинди. 41 та фуқарога тушунтириш ва хуқуқий маслаҳатлар берилди. Ечими муддат талаб қиладиган 37 та мурожаатга масъуллар бириктирилган ҳолда ижроси назоратга олинди. Фуқароларни қийнаб келаётган муаммо ва масалаларнинг кўпчилиги суд ва прокуратурага доир мурожаатлардан иборат бўлди.
Хива туманидаги МЧЖ ва туркиялик инвесторларнинг қўшма лойиҳаси Қўшкўпир ва Хива туманлари ҳамда Хива шаҳрида 75 гектар ер майдонида амалга оширилиши режа қилинган. Унда мевали дарахт кўчатларини экиш ва ҳосилни қайта ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш кўзда тутилади. Аммо Хива туманидаги 10,5 гектар ер майдонида ишни ташкил қилишда тадбиркорлар муаммога учраган. Мазкур сайёр қабулда ана шу масалага ижобий ечим топилди.
[gallery-21424]
– Биз инвестиция киритган ер майдонининг бир қисми низоли эканлигини сезиб қолдик, – дейди туркиялик инвестор Яхё Жевиз. – Хива тумани ҳокими мазкур ер майдонини давлат ер захирасига қайтариш бўйича қарор чиқарган. Биз бу ерга икки минг дона туркиядан келтирилган олий навли, экпортбоб олма кўчатларини уч йил олдин келтириб экканмиз. Кўчатларимиз шу йил ҳосил беришни бошлайди. Бугунги қабул давомида Олий суд раиси ўринбосарига мурожаат қилдик. Барча ҳужжатларимизни ҳам тақдим қилдик. Тегишли судялар, мутахассислар бизнинг ҳужжатларимизни ўрганиб, қонун доирасида қарор чиқариб беришди. Туман ҳокимининг қарори бекор қилинди. Ер майдони ўзимизда қолди.
Ҳазорасп туманининг Пичоқчи ва Саноат маҳаллаларидан ўтувчи магистрал автомобиль йўлида 300 метр пиёдалар йўлаги ва 630 метр узунликдаги Фарғона тажрибаси асосида узум етиштириш учун металл конструкциядан ишком ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Республика ишчи гуруҳи вакиллари мазкур иш жараёнлари билан ҳам танишди.
Хива шаҳрининг марказида ташкил қилинган оммавий сайёр қабул эса аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бевосита жойида бартараф этиш имконини яратди. Қабул давомида жами 108 та мурожаат келиб тушди. Муҳими, мурожаатларнинг биронтаси рад этилмади ва кўпчилиги шу ернинг ўзида ҳал этилди. 38 та фуқарога тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ечими муддат талаб қиладиган 54 та мурожаатга масъуллар бириктирилган ҳолда ижроси назоратга олинди.
Бундан ташқари, тиббий ва моддий ёрдам, субсидия ва банк кредитлари олиш, коммунал тармоқ ва шахсий масалалар, пенсия ва нафақа олишда амалий ёрдам бериш юзасидан ҳам мурожаатлар бўлди.
Малакали ва етакчи тиббиёт мутахассислари иштирокида тиббий кўрик ташкил қилинди. Фуқароларга зарур тавсиялар билан бир қаторда стационар ва амбулатор тарзда даволанишлари учун йўлланмалар берилди.
Шовот тумани ва Урганч шаҳридаги сайёр қабулларда ҳам фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатлар тингланди.
Мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ўз ечимини топди. Айрим ўрганиш ва муддат талаб қиладиган масалалар юзасидан жойига чиқиб ўрганиш бўйича тегишли ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари