Маҳаллаларда Наврўз кўтаринки руҳда ўтмоқда (+видео)
Умрбоқий анъаналарни, кўп асрлик миллий удумлар ва халқчил қўшиқларни, авлодларимиздан мерос бўлиб келаётган фольклоримизни ўзида мужассам этган Наврўз маҳалаларга кириб бориши билан дилларни яшнатиб юборади.
Қишнинг қировли кунларини ортда қолдириб, баҳор соғинчи билан айланишга чиққан юнусободликлар учун бу йилги Наврўз ўзгача, кўтаринки руҳда кутиб олинди. Гап шундаки, байрам арафасида фойдаланишга топширилган замонавий бизнес маркази аҳоли учун қўшалоқ байрамга айланди ва бу ерга кираверишдаёқ сизни юқори ҳарорат кутиб олади.
Юнусобод туман ҳокимлиги ва туман маданият бошқармаси ташаббуси билан чор атрофдаги маҳаллалар аҳолиси байрамни яқинда қуриб битқазилган гўзал кошонада кутиб олдилар.
Байрам дастурини миллатлараро дўстлик ва бағрикенгликни тарғиб қилувчи концерт дастури бошлаб берди. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, аҳилликда узоқ йиллардан буён ёнма-ён яшаб келмоқда. Яхши кунларимиз, байрамларимиз, тўй-томошаларимиз албатта уларнинг миллий анъаналари, рақс ва қўшиқлари билан янада файзли ўтади. Эътиборлиси улар уч тилда ҳам ашулани маромига етказиб айта олишди.
Корейс вокал ансанбли Наврўз тантаналарини бошлаб берганида ҳам рамзий маъно бор. Зеро, Ўзбекистон миллатпарвар, тинчликсевар мамлакат ва жаҳондаги барча халқлар билан яхши муносабатда бўлиб келган.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/72o1LcD15Yw" title="Mahallalarda Naro‘z ko‘tarinki ruhda o‘tmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жажжи қизалоқларнинг байрамона чиқишлари, ранг-баранг дастурлари, “Мўъжиза” рақс ансабли ижросидаги миллий рақслар ва элимиз суйган санъаткорларнинг жонли ижролари барчага хуш кайфият бағишлади.
Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов (видео), ЎзА