Маҳаллаларда ижтимоий хизматлар самарали ташкил этилмоқда
Қарор ва ижро
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни самарали ташкил этиш” мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинарда 2023 йилнинг 28 сентябрида қабул қилинган “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижроси ҳақида сўз юритилди.
– Ушбу қарор асосида тажриба тариқасида 28 та шаҳар ва туманда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларини ташкил этиш белгиланган, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг маслаҳатчиси Шерзод Асқаров. – 2024 йил 1 январгача “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ушбу ҳудуддаги ижтимоий ходимларга 26 та хизмат кўрсатиш вазифаси юклатилган бўлса, 2024 йил 1 январдан бошлаб эса яна 23 та ижтимоий хизмат йўлга қўйилади ва хизматлар сони 49 тага етказилади. Мазкур қарор билан ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш йўналишлари белгиланди. Бундан ташқари, марказларда руҳий-ижтимоий ёрдам мобиль хизмати ташкил этилмоқда. Ушбу мобиль гуруҳлар юрист, психолог ва ижтимоий ходимлардан иборат бўлиб, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган фуқароларга шошилинч руҳий-ижтимоий, ҳуқуқий хизматлар сайёр тартибда кўрсатилади.
[gallery-14488]
Навоий вилоятида ҳам Навоий шаҳри ва Конимех туманида тажриба тариқасида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қуйилган.
– Бугунги семинар давомида ижтимоий хизматларни ташкил этиш, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда аҳоли муаммолари билан ишлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан батафсил тушунчалар бериб ўтилди, – дейди Конимех тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ижтимоий ходими Меҳринисо Алейнова. – Бизнинг асосий вазифаларимиздан бири аҳолининг ижтимоий хизмат ва ёрдамлар ҳақида хабардорлигини ошириб бориш, ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини баҳолаш ҳисобланади. Шунингдек, зарур ҳолларда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс учун индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режасини ишлаб чиқамиз, зарурат бўлганда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс номидан ижтимоий хизмат ва ёрдамлардан фойдаланиш учун сўровнома (ариза) киритамиз.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоблар олишди.
Куннинг иккинчи ярмида соҳа масъуллари Навоий ва Ғозғон шаҳарлари, Нурота туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг қурилиш-таъмирлаш жараёнлари билан танишди. Шунингдек, вилоят марказидан 160 км олисда жойлашган Нурота туманининг Каттасой маҳалласида истиқомат қилувчи нуронийлар ҳолидан хабар олиниб, ёлғиз кексаларнинг яшаш шароитлари ва уларни қийнаётган муаммолар, ижтимоий ходим ва ассистентларнинг фаолияти ўрганилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари