Маҳаллаларда байрам тадбирлари давом этмоқда
Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги бўлиб ўтаётган шу кунларда Ғаллаорол тумани марказида Нуронийлар маскани фойдаланишга топширилди.
Замонавий талаблар асосида қурилган, дам олиш хонаси, ошхона, кутубхона ва машғулот залларига эга ушбу маскан 500 га яқин нуронийларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилади.
– Биз, кексалар зерикканда йиғилиб, гурунг қиладиган жойимиз йўқ эди, – дейди 87 ёшни қаршилаган Салоҳиддин ота Назаров. - Биз учун қурилган бу масканда соғлигимизни мустаҳкамлаш учун машғулот хонаси борлиги мени қувонтирди. Чунки шу ёшга кирган бўлсамда, спорт билан мунтазам шуғулланаман. Шунинг учун ҳам бардамман.
Нуронийлар маскани фойдаланишга топширилгани муносабати билан ўтказилган тадбир «Сарбазар» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қўрғонтепа тепалигида «Йил боши» (Дарвишона ҳам дейишади) сайлига уланиб кетди. Сайлда дорбоз, кураш миллий ўйинлари ҳам ташкил этилди.
– Маҳалламизда 32 йилдан буён ушбу тепаликда Наврўз айёмини нишонлаб келамиз, – дейди маҳалла оқсоқоли Бахтиёр Акрамов. – Бундай тадбирларнинг юқори савияда ўтиши маҳалламиз одамларининг аҳиллиги билан боғлиқ.
Шунингдек, Жиззах вилоятининг яна бир гўзал гўшаси – Фориш туманидаги Ўзбекистон ҳамда «Боғдон» маҳалла фуқаролар йиғинларининг янги, барча қулайликларига эга замонавий бинолари ҳам фойдаланишга топширилди.
Ҳафталик доирасидаги тадбирлар шаҳар ва туманларда давом этмоқда.
[gallery-1732]
Жамшид ЁРБEКОВ (сурат), ЎзА