Маҳаллалар обод, кўнгиллар шод бўлмоқда
Хоразм вилоятининг Шовот туманида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ички хўжалик йўлларига шағал аралашмасини ётқизиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2021 йилдан буён ҳар йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилаётган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари юртимиз экологияси, атроф-мухит мусаффолигини сақлаш ҳамда аҳоли саломатлигини яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ички хўжалик йўлларини таъмирлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби муҳим вазифалар хусусида тўхталди.
Таъкидланганидек, жорий йил куз мавсумида вилоятимиз худудига 5,4 млн дона кўчат экилиши режалаштирилган бўлиб, бу бўйича манзилли дастур шакллантирилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Чиғатой маҳалласи худудида шу куннинг ўзида мингга яқин мевали хамда манзарали дарахт кўчатлари экилди ва махалла худудидаги 6 та кўча қаттиқ маиший чиқиндилардан тозаланди.
[gallery-20269]
Сўнгги йилларда аҳолини қийнаб келаётган уй-жой кадастри билан боғлиқ муамоларга ҳам ечим топилаётир. Семинар давомида мазкур маҳалладаги уй - жойлар ҳам қайта хатловдан ўтказилди.
– Жорий йилнинг 18 июль куни Президентимиз ўтказган видеоселекторда берилган топшириққа асосан бир неча ойдан буён туманимизда уй-жойининг ҳужжатлари йўқ бўлган аҳоли хонадонлари ва бинолари хатловдан ўтказилмоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари Рафиқ Рўзметов. – Бугунги тадбирда ана шундай мурожаатлар қабул қилинмоқда. жойига чиқиб ўрганилмоқда, муаммолар бартараф қилинмоқда. Тегишли ташкилотларнинг мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Қиш мавсуми олдидан аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, касалликларни эрта босқичда аниқлаб, соғломлаштириш ишларини олиб бориш ва юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳам муҳим саналади. Шу боис аҳолиси терапевт, кардиолог, ЛОР, дерматолог, гинеколог, УЗИ, стоматолог, педиатр каби мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган кишиларга стационар ва амбулатор шароитда даволанишлари учун тавсия берилди.
Ташкил этилган тадбирнинг қамрови шу даражада кенг бўлдики, хонадонлардан тортиб молхоналаргача дизенфекциядан ўтказилди. Чорва ва бошқа уй ҳайвонлари касалликларга қарши эмланди.
– Тадбирнинг аҳамиятини ўзимнинг мисолимда олиб қарайдиган бўлсам. – дейди чиғатойлик фуқаро Жамолиддин Назаров. – Бугуннинг ўзида тушликка қадар соғлиғимни кўрикдан ўтказиб, шифокордан тавсияларни олдим. Ярмаркадан деҳқончилик учун иш қуролларини арзон баҳода сотиб олдим. Уйимга кичикроқ бўлсада қуёш панели ўрнаттирдим. Бундан ташқари, куннинг иккинчи ярмида мутахассислар газ ускуналаримни кўрикдан ўтказиб, печка ва дудбўронларимни тозалаб беришди. Иккита сигиримни, битта қўйимни касалликка қарши эмлаб беришди. Кўчамизда, маҳалламиз ҳудудида ҳам кенг кўламдаги ишлар қилиняпти. Тадбир ташкилотчиларининг отасига минг раҳмат.
Дарҳақиқат, тадбир давомида юздан ортиқ хонадоннинг дудбўронлари тозаланди ва газ ускуналарига техник хизмат кўрсатилди. Хонадонларнинг газ ҳисоблаш ускуналари ягона базага уланди. Бир километрдан ортиқ газ қувурлари тартибга келтирилиб, 460 метр газ қувирлари бўёқланди. Маҳалла ҳудудидаги битта трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, 4 та трансформатор пункти ва 3,5 километр узунликдаги электр узатиш тармоғида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ва энергия тежамкор технологиялар кўргазмаси ташкил қилинди.
Жорий йилда Чиғатой ва Кангли маҳаллаларида жами 10,3 км ички тупроқ йўлларига шағал ётқизиш режалаштирилган. Бунинг учун ўнлаб улкан техникалар, қурилиш агрегатлари, муҳандису мутахассислар, шунингдек, етарлича қум-шағал аралашмаси ажратилди. Жалб этилган техникалар бир зум тўхтамасдан ишлаяпти.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида маҳаллалар қиёфаси бутунлай янгиланиб, кўркам манзилларга айланмоқда. Иш қизғин тус олган. Ҳар бир жараён секторлар раҳбарлари назоратида.
Маҳаллаларнинг кўчалари таъмирланиб, кундан-кунга обод масканга айланаётганидан одамларнинг қувончи чексиз. Улар ҳам бу ишларда тамошабин бўлиб, қараб ўтирмасдан қўлларидан келганича йўлчиларга кўмак беришди. Ҳеч бўлмаганда, ўз хонадонларинию, томорқа ерларини тартибга келтиришди. Нуронийлар эса хайрли ишларни амалга ошираётган кишиларни дуо қилиб, уларга мустаҳкам соғлик ва куч қувват тилашди.
Ташкил этилган тадбирлар фақат шу билан якунланмади. Маҳаллалар ёшлари учун турли спорт ва бошқа қизиқарли мусобақалар ташкил этилди.
Қисқасини айтганда, кенг қамровли семинар натижасида маҳаллалардаги хонадонлар обод, кўнгиллар эса шод бўлди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари