Маҳаллалар обод, кўнгиллар шод бўлмоқда
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида кўчат экиш, яшил ҳудудларни барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар, маҳаллалар фаол иштирок этмоқда.
Баҳорнинг илк кунларида "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими, унинг туман, шаҳар бўлинмалари мутахассислари нафақат кўчат экиш ишларида фаол қатнашмоқда, балки нуроний отахон ва онахонлар, якка-ёлғиз яшовчи кишилар, боқувчисини йўқотган оилалар вакиллари, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилмоқда.

Жумладан, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Асака тумани бўлинмаси томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тумандаги Дастурхончи, Беклар, Қадим ва Деватаги маҳаллаларида кўчат экиш, ободонлаштириш тадбирлари ўтказилди.

Тадбир давомида маҳалла гузарлари, катта йўл бўйларига, қийин шароитда яшаётган оилалар хонадонларига мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди.

– Юртимизнинг ҳар бир гўшасини обод қилиш, яшил ҳудудлар барпо этиш хайрли ва савобли иш, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Асака тумани бўлинмаси мутахассиси Абдусамад Собиров. – Ушбу жараён айниқса, туманимиздаги барча маҳаллаларда юқори кўтаринкилик билан олиб борилмоқда. Ҳудудларни обод қилиш билан бирга, жамғармамиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларига хайрия ва саховат ёрдамлари кўрсатилмоқда.
Олиб борилаётган ишлар, кўрсатилаётган эътибордан маҳаллалар янада обод, кўплаб юртдошларимиз кўнгли шод бўлмоқда. Бу каби тадбирлар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлинмалари томонидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА