Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги “Мустақиллик” маҳалласида “Маҳалла Сервис” компаниясининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Ушбу янги тузилма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, компания учун Маҳаллалар уюшмаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан 350 миллион сўм йўналтирилиб, замонавий талабларга жавоб берадиган янги офис биноси қурилди. Шунингдек, 71 миллион сўмлик маблағ эвазига 2 дона юк мотоцикли ҳамда махсус асбоб-ускуналар харид қилиниб, компания ихтиёрига топширилди.

Очилиш маросимида туман ҳокими Ҳусниддин Сувонов, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов, маҳалла фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбир давомида янги ташкил этилган компания олдига бир қатор муҳим вазифалар қўйилгани алоҳида таъкидланди.

– Компаниямизнинг асосий мақсади маҳаллаларда ободонлаштириш ва санитария ишларини тизимли йўлга қўйиш, кўчалар ва жамоат жойларида тозаликни таъминлаш, аҳоли учун қулай муҳит яратишга ҳисса қўшишдир, – дейди “Маҳалла Сервис” компанияси раиси Бунёд Ҳасанов. – Биз аҳоли билан доимий мулоқот олиб бориб, муаммоларни тезкор ҳал этишга интилмоқдамиз. Йирик коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб, ҳар бир маҳаллада очиқ ва самарали фаолият юритишга ҳаракат қиламиз.

Тадбир иштирокчилари компания ходимларига зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан адо этишда муваффақият тилаб, бу каби ташаббуслар маҳалла институтини мустаҳкамлаш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва жамоатчилик билан самарали мулоқотни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.


Шу билан бирга, “Маҳалла Сервис” компанияси маҳаллалардаги муаммоларни жойида ҳал этиш, жамоат тартибини сақлаш, тоза ва кўркам муҳит яратиш, аҳоли учун қулай шароитлар яратишда муҳим ўрин тутади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири