Нурафшон шаҳрида маҳалла еттиликлари фаолияти ҳамда уларнинг иш самарадорлигини ошириш масалаларига оид давра суҳбати ўтказилди.
Унда Оила ва хотин қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъул ходими Элмурод Қаршиев, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосарлари Зуҳра Мирғозиева ва Отабек Султонбеков, Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси раҳбари Шуҳрат Ҳошимов ҳамда маҳалла еттиликларининг вилоятдаги мутасадди раҳбарлари иштирок этди.
Дастлаб ўтган даврда маҳаллаларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, жойларда ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, миграцияда юрган фуқароларни юртга қайтариш ва уларга муносиб иш топишда кўмаклашилди.

Сайхунобод тажрибаси асосида томорқадан самарали фойдаланиш орқали кам даромадли 6 минг 644 та хонадонда қўшимча даромад манбаи яратилди. Маҳаллада қоғоз шаклидаги ҳужжатларни расмийлаштиришни бекор қилиш ва “еттилик” томонидан алоҳида юритилаётган тарқоқ платформалар ўрнига “Рақамли маҳалла” ягона электрон платформаси ишга туширилди.

Жорий йил бошидаги таҳлиллар бўйича вилоятда ўз хизмат биноси мавжуд бўлмаган 95 та маҳаллада қурилиш ишлари амалга ошириш белгиланган. Бугунги кун ҳолатига Бўстонлиқ туманида 5 та, Олмалиқ шаҳарда 2 та, Бекобод, Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Паркент, Янгийўл туманларида 1 тадан маҳалла янги бино билан таъминланди. Шунингдек, 26 та маҳаллада қурилиш-таъмирлаш ишлари қилинмоқда.
Тадбирда белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўйган маҳаллалар фаолияти танқидий кўриб чиқилиб, уларга самарали ишлаб келаётган маҳаллаларнинг иш услуби, тажрибасидан фойдаланиш тавсия этилди.
Мулоқот давомида келгусидаги вазифалар белгиланиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарурий тавсиялар ва кўрсатмалар берилди.
А.Мусаев.ЎзА.