Ўзсаноатқурилишбанк фаолиятининг ислоҳотлардаги ифодаси
Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсон, унинг манфаатлари, қадр-қиммати ва фаровон ҳаёти мужассам. Айниқса, ўтган йил 16 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кўпайтириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу стратегик вазифалар, шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг амалдаги ижросини самарали ташкил этиш мақсадида Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ҳудудларда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Маҳалла банкири – халқ ичида, халқ билан
Банк тизимда янги ёндашув сифатида маҳалла банкирлари фаолиятининг жорий қилингани муҳим воқелик бўлди. Бу билан банк ходимлари мижозларни “дарча” ортида кутмасдан хизматларни хонадонига ташриф буюрган ҳолда таклиф қилиши кўзда тутилди.
Эътиборлиси, ушбу ташаббус моҳиятан чуқур ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этади. Аҳолининг тадбиркорликка оид ғоялари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, молиявий саводхонлиги оширилмоқда, ишсизлар ишга жалб қилиниб, камбағал оилалар даромадга кирмоқда.
Шу мақсадда Ўзсаноатқурилишбанк томонидан 201 нафар маҳалла банкири иш бошлади. Уларга банкка бириктирилган 712 та маҳалланинг ҳар биридан ёрдамчи-агент жалб қилинди.
Бугунги кунда маҳалла банкирлари ўз маҳалласи имкониятини, у ердаги ҳар бир оила шароитини яхши биладиган ёрдамчи-агентлар кўмагида аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларни тадбиркорликка йўналтириш, бизнес ғояларини ишга тушириш, молиявий хизматлардан самарали фойдаланишга ундаб келмоқда.
Ана шу механизм туфайли жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, 159 минг фуқаро даромадли меҳнатга жалб қилинди. Шундан 54 минг нафари доимий иш билан таъминланди, 105 минг киши эса тадбиркорликка қадам қўйди.
Иқтисодий дастурлар самараси
– Илгари ҳам бизнес билан шуғулланардим, лекин даромад доимий эмасди, – дейди Фарғона вилояти Қўштепа туманида фаолият юритувчи тадбиркор Эркин Каримов. – Ўзсаноатқурилишбанкнинг маҳалла банкири кўмагида эса нафақат ишимда унум кўрдим, балки 7 нафар маҳалладошимни иш билан таъминлаб руҳан анчайин ўсдим. Фаолиятим интенсив усулда қўзиқорин етиштиришга қаратилган. Шу мақсадда банк томонидан 100 млн сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бу маблағга зарур жиҳозлар, уруғ ва биогумус харид қилдим. Ҳозир ойига 1,2 тонна қўзиқорин етиштириб, ойига 60 млн сўм даромад қиляпман. Яқин кунларда бу кўрсаткични 2,5 тоннага етказишни режалаштирганман.
Бу каби банкнинг қўллаб-қувватлови остида ишга тушаётган лойиҳалар сони талайгина. Хусусан, Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллаларда жорий этилган 16 984 та микролойиҳа натижасида 34,9 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, танлаб олинган 7 120 та хонадонга 133,3 млрд сўмлик лойиҳа пакетлари етказиб берилди. Бу орқали айрим оилаларнинг даромадлари 60-70 млн сўмгача ошиши таъминланди.
Биргина Тахиатошдаги лойиҳада 20 млн сўмлик кичик кредит ҳисобига қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳа ташаббускори Наргиза Алламбергенова ўзидан ташқари яна 2 кишини иш билан банд қилди. Ҳисоб-китобларга кўра, эндиликда мижоз бир йилда 96 млн сўмлик соф фойда кўришга эришадиган бўлди.
Кичик ва ўрта бизнес йўналишидаги дастурлар доирасида ажратилган кредитлар ҳажми жорий йилда 1 трлн сўмдан ошиши кўзда тутилган. Январь-июнь ойларида бу кўрсаткич 404 млрд сўмни ташкил этди. “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида 11,1 мингдан зиёд фуқаро кредит олиш имконига эга бўлди.
Шунингдек, “Маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида 7 659 та лойиҳа молиялаштирилиб, 350,5 млрд сўмлик кредит ажратилди. Бу фуқаролар учун нафақат моддий ёрдам, балки келажакка ишонч ҳамдир.
Томорқалар – фуқаролар учун даромад манбаи
– “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосидаги саъй-ҳаракатлар нафақат қишлоқ хўжалигини диверсификация қилишда, балки бандлик даражасини оширишда ҳам юқори самара бермоқда, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг Аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш департаменти директори Ф.Абдувалиев. – Ушбу йўналишда жорий йил бошидан буён банк томонидан 666 гектар ер майдонида 59 та лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, Қорақалпоғистондаги 59 гектар майдонда қовун етиштиришдан тортиб, Намангандаги олхўри боғларигача – барчаси юқори даромадли маҳсулотларга қаратилган ҳолда, 1 337 нафар аҳоли иш билан таъминланди. Шу билан бирга, 9 та “Супер лойиҳа”да 2 минг тонна маҳсулот қадоқланиши, 1 600 тонна сақланиши ва 1 000 тонна қайта ишланиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш мақсадида суғориш ва электр таъминотини яхшилашга қаратилган 49,1 млрд сўмлик лойиҳалар молиялаштирилиб, минглаб хонадонлар барқарор сув ва электр таъминоти билан таъминланди.
Ҳар бир хонадон – банк мижози
Банк томонидан “Ҳар бир хонадон – банк мижози” тамойили асосида 28,6 мингдан ортиқ аҳолига ҳисоб рақам очилиши таъминланди.
Мижозларнинг муайян мутахассисликларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб “yangiish-mehnat.uz” платформасига 2 382 та буюртманома тақдим этилди.
Қорақалпоғистон ва Сурхондарёда халқаро сертификат берадиган ўқув марказлари фаолияти бошланди. Хусусан, Нукусда хорижий тиллар ва IT соҳасига ихтисослашган марказ, Сурхондарёда эса “Japan Technological University” доирасида ўқув бинолари қурилмоқда.
Шунингдек, Банк раҳбарияти иштирокида жойларда аҳоли ва тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 756 та учрашув ташкил этилди. 13,3 мингдан зиёд иштирокчи қатнашган тадбирларда 2 851 та мурожаат келиб тушди. Улардан 2 692 таси ижобий ҳал этилиб, 3 832 та иш ўрни яратилди.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар шунчаки рақамлар эмас. Ушбу ташаббус, пировардида, ҳар бир инсон салоҳиятини юзага чиқармоқда, ҳар бир хонадонга мўл ризқ-рўз кирмоқда, маҳаллаларда эса янгидан-янги иш ўрни, ишлаб чиқариш объектлари пайдо бўлмоқда.
Муҳими, банк томонидан давлатимиз раҳбари бошчилигида илгари сурилаётган ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, ҳар бир фуқарога молиявий ечим таклиф қилиш ва шу орқали юртдошларимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар фаол давом эттирилмоқда.
Банк ахборот хизмати