Маҳалладан бошланган ислоҳотлар – фаровонлик гарови
Муносабат

Президентимиз томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатнома Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида сўнгги тўққиз йилда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми, келгуси тараққиёт босқичларини аниқ белгилаб берган дастуруламал ҳужжат бўлди.
Ундаги ҳар бир сўзда халққа бўлган юксак ишонч ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини ҳис қилдим. Айниқса, 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани, бугунги кунда жамиятнинг энг кичик бўғини бўлган маҳалла – ислоҳотларнинг бош мезонига айланганидан далолат беради. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси учун Мурожаатномадан ўрин олган 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастурда белгиланган вазифалар фаолиятимизнинг негизини ташкил этади.
Хусусан, асосий солиқ ставкаларининг ўзгаришсиз қолиши, кичик ва ўрта бизнес учун 140 триллион сўм ресурс берилиши, маҳаллаларда 100 мингта янги иш ўрни яратиш учун 5 триллион сўм кредит ажратилиши, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши – бизнинг сайловолди дастуримиздаги энг устувор мақсадлар билан тўлиқ ҳамоҳангдир.
Шунингдек, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича белгиланган вазифалар мамлакатимизда ишбилармонлик фаолияти учун мутлақо янги имкониятлар яратади.
Маҳалла – нафақат ижтимоий ҳаётнинг асосий бўғини, балки тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва жойларда иқтисодий фаолликни оширишнинг муҳим институти ҳисобланади. Маҳалланинг иқтисодий ривожланиш драйвери сифатида кўрилгани ҳам бежиз эмас. ЎзЛиДеП маҳаллаларда кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш, иш ўринлари яратиш, фуқароларнинг ўз куч ва ташаббусига ишончини мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб келган.
Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. 2026 йилда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун илк бор 20 триллион сўм маблағнинг тўғридан-тўғри вилоятларнинг ўзига берилаётгани – бу мисли кўрилмаган имконият ва катта масъулиятдир. Эндиликда маблағлар шунчаки сарфланмайди, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири ҳамкорлигида аниқ лойиҳавий ёндашув асосида ишлатилиши иқтисодий самарадорликни таъминлаши муқаррар.
Тошкент вилояти тадбиркорлик ва саноат салоҳияти юқори ҳудуд ҳисобланади. Мурожаатномада қайд этилган 45 та агломерация ҳудудини белгилаш ва “Барқарор шаҳар” платформасини ишга тушириш каби ташаббуслар Тошкент вилоятидаги аҳоли пунктларининг замонавий қиёфага киришига хизмат қилиши тайин.
Биз, депутатлар учун Президентимиз томонидан ҳар бир округга 3,3 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши – сайловчиларимиз олдидаги муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этиш учун катта куч беради. “Яшил ҳудуд” яратиш ташаббуси эса экологик барқарорлик йўлидаги муҳим қадамдир. Умуман олганда, 2026 йил – давлат бошқаруви ва иқтисодиётда туб бурилиш йили бўлади.
Тўлқинжон Файзиев,
ЎзЛиДеП Тошкент вилоят Кенгаши раиси.
ЎзА.