Сўнгги пайтларда аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўзини ўзи банд қилган ҳамда ташаббускор фуқароларнинг тадбиркорликка қизиқишларини аниқлаш, биринчи навбатда маҳаллаларда кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича микролойиҳалар дастурини шакллантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, “Ёшлар бандлиги дастури”ни маҳаллада амалга ошириш ва давлат кўмагига муҳтож “оғир” тоифадаги ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашилмоқда. Таҳлилларга кўра, жорий йил бошидан Тошкент вилоятида 312,5 минг аҳоли даромадли меҳнат билан таъминланган. Маҳаллада аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш орқали даромадларини ошириш мақсадида кичик ва ўрта бизнес учун тижорат банклари томонидан лойиҳаларга 433,4 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.

Жумладан, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш”, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” ва “Бизнесга биринчи қадам” каби дастури доирасида минглаб аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Мисол учун, Янгийўл тумани Бунёдкор маҳалласидаги Ҳилола Тожиқўзиевага бундан икки йил олдин турли йўналишларда тўгарак ташкил этиши учун 32,8 миллион сўм кредит ажратилган эди. Бугунги кунда унинг бизнесни ривожлангани туфайли яна хусусий мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш мақсадида 100 миллион сўм кредит ажратиб берилди. Ҳозир бу боғчада 3 нафар мутахассис бандлиги таъминланди. Ўз навбатида шу маҳалладаги боғча ёшидаги болалар ҳам қамраб олинди.

Таъкидлаш лозимки, маҳаллаларда микролойиҳаларни амалга ошириш учун вилоят тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратиляпти. Бу йўналишда ҳозиргача 12 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Тошкент тумани Қирариқ маҳалласида яшовчи оилавий тадбиркор Гулчеҳра Суннатова томорқасида 3 сотихли иссиқхона ташкил этди. Бунинг учун у 21 миллион сўм имтиёзли кредит олди. Ҳозир иссиқхонада 3 минг туп атиргул кўчатларини етиштириш йўлга қўйилди. Бу орқали унинг 3 нафар оила аъзолари ҳам ишли бўлди. Ҳар 2 ойда 9 минг дона атиргулни маҳаллий бозорларда ўртача 3 минг сўмдан сотиш орқали йилига 162 миллион сўм даромад топмоқда.

Томорқадан самарали фойдаланиш борасида вилоят аҳолисининг катта тажрибаси бор. Мутахассисларнинг таъкидлашича, айни пайтда ҳудуддаги 656 минг 586 та аҳоли хонадонларидаги 29,93 минг гектар томорқа майдонларига экинлар экилди. Хусусан, 6,9 минг гектар сабзавот, 11,1 минг гектар полиз, 6 минг гектар картошка, 1,6 минг гектар дуккакли экинлар, 4,3 минг гектар бошқа экинлар парваришланмоқда.

Шунингдек, Чинозда аҳоли вакиллари ўз томорқасида сифатли кўчат етиштириш эвазига юқори даромадга эга бўлмоқда. “Бирлик” маҳалласида яшовчи Зафар Холиқулов 12 сотих томорқа майдонида “Сайхунобод тажрибаси” асосида сабзавот кўчатларини етиштирмоқда. У иссиқхона ташкил қилган ва 300-400 минг тупга яқин помидорнинг олий навини етиштирмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, тахминан донаси 1 минг сўмга харид қилинган помидор уруғлари кўчат ҳолига келтирилгандан сўнг, иссиқхона эгаларига 1 минг 800 сўмга сотилади.
Муҳими, “Сайхунобод тажрибаси” кенг оммалашаётгани ҳудудда аҳоли фаровонлигини ошишига хизмат қилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.