Маҳаллада янги иш ўринлари кўпаймоқда
Бухоро вилояти Когон туманидаги “Сараён” маҳалла фуқаролар йиғинида умумий аҳоли сони 3 600 дан зиёдни ташкил этади. Уларнинг 1 600 нафарга яқини ёшлардир.
Аҳолининг асосий даромади хизмат кўрсатиш ва томорқадан. Маҳалланинг ихтисослашуви ва “ўсиш нуқталари”ни инобатга олган ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
Шу маҳаллада яшовчи Инобат Жалилова уйида тикувчилик билан шуғулланар, даромади асосан қўни-қўшнидан тушадиган буюртмалар ҳисобидан эди. 2022 йилда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида 33 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олган чевар 5 та замонавий русумдаги тикув машинасини харид қилиб, ўзига шогирдлар ёллади. Қарабсизки, икки йилда тикувчи аёл хонадони чеварларга торлик қилиб қолди.

Жорий йил бошида ҳоким ёрдамчиси кўмаги ва тавсияномаси асосида Инобат Жалилова ҳамда унинг жамоасига 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи расмийлаштирилди. Маҳаллада бўш турган бинода тикув цехи ташкил этишга қарор қилинди. Цехга “Jack”, “Baoyu”, “Bruse”, “Precious” русумли тикув машиналаридан 12 таси ва яна безакли чок тикиш ускуналари харид қилингани кенг имконият ва қулайлик бўлди.
Айни кунда Инобат Жалилова бошчилигидаги “Нақшбанд ҳунармандлари” МЧЖ “Сараён” маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар бандлигини таъминлаш маркази сифатида ўқув курси ва тикув цехига эга яхлит жамоага айланган. Бунда ўтган ойларда жами 50 нафардан ошиқ хотин-қиз 3 ойлик тикувчилик курсига жалб қилинган. Шулардан 40 нафари ҳозир “устоз-шогирд” йўналишида шу цехда ишлаяпти. Муҳими, артелда бандлиги таъминланганларнинг 12 нафарини жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган аёллар ташкил этмоқда.

– Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман, Инобат Жалиловага минг раҳмат, тикувчиликка қўлим тушишини билиб, мени аввал ҳунар ўқув курсига, кейин цехига таклиф этди, – дейди Бибиражаб Файзиева. – Ҳозир дугоналаримдан тикиш-бичишни ўрганиб, ишлаб, оиламга даромад киритаётганимдан хурсандман.
“Сараён” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аёллардан 105 нафари эҳтиёжманд ва кам таъминланган тоифага мансублиги боис “Аёллар дафтари”га киритилган. Шулардан 52 нафари ночор шароитда, ишсиз ва даромадсиз қолган, мададга муҳтожлар сирасидан эди. Эндиликда улардан бир неча нафари айнан “Нақшбанд ҳунармандлари” МЧЖ дан ўз ўрнини топмоқда.

Меҳрия Файзиева ҳам шулар жумласидан. Тикувчилик лаёқатига эга бўлган бу аёлга ўтган йили маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмагида 30 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Замонавий тикув машинаси ва “оверло” олиб берилган. Жорий йилда эса Меҳрия Файзиева цех жамоасига келиб қўшилган, Инобат Жалилова шогирдлари билан биргаликда аёллар ва болалар кийим-кечакларини тикиб, буюртма ва янги андозадаги ассортиментни кўпайтирмоқда.
Умуман, ишга солинаётган имконият ва сервис хизматлари ҳисобидан ўтган йил давомида Сараёнда 148 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 42 нафар, 10 сотихдан томорқа ер майдони ажратиш ҳисобига 65 нафар, мавжуд бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштириш бўйича 32 нафар, ўзини-ўзи банд қилиш ҳисобига 115 нафар, корхоналарда норасмий ишлаётган ишчиларни легаллаштириш бўйича 64 нафар, субсидия ажратиш ҳисобига 23 нафар фуқаро ишли бўлган.
Жорий йилда эса бу кўрсаткични янада ошириш чоралари кўрилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири