Маҳаллада сервис компанияси ишга тушди
Президентимизнинг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан аҳолининг яшаш даражасини ошириш, кундалик эҳтиёжларни ўз вақтида ва сифатли ҳал этишга хизмат қилувчи инфратузилмаларни ривожлантириш мақсадида республикамизда тажриба тариқасида ҳар бир шаҳар ва тумандаги 208 маҳаллада сервис компанияларини ташкил этиш белгиланган эди.
Жумладан, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани Бўстон маҳалласида намунавий лойиҳа асосида 76 миллион сўм маблағ эвазига “Бўстон маҳалла сервис компанияси” масъулияти чекланган жамият биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бинонинг очилиш маросимида Янгиқўрғон тумани ҳокими Асадулла Нажмиддинов, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Илҳомжон Икромов, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этди.

Мазкур сервис компания аҳолига электр ва сантехник ишлар, ерларга ишлов бериш, қудуқ қазиш, таъмирлаш каби 23 турдаги зарур хизматларни кўрсатади. Бу орқали маҳалла фуқаролари кундалик ҳаётда дуч келадиган муаммоларни жойида, тезкор ва сифатли ҳал қилиш имкониятига эга бўлмоқда. Мазкур муассаса 13 турдаги замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Ҳозирда ушбу компанияда олти киши доимий иш ўрнига эга бўлди.


Мана шундай сервис компаниялар Наманган вилоятидаги 14 та маҳаллада жорий этилиши режалаштирилган бўлиб, бу ўз навбатида аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА