“Маҳаллада дув-дув гап” лойиҳаси – амалда
Навоий шаҳар ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилоят бўлими ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Маҳаллада дув-дув гап” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.
Юртбошимиз раислигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида халқимиз маънавиятини юксалтириш, маданий-маърифий соҳалардаги ишларни янада жонлантириш юзасидан белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда эришилаётган ютуқлар ҳақида сўз юритилди.
– Вилоятимизда ҳам Юртбошимиз томонидан маданий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, маҳаллаларда маданият ва маърифатни янада кенгроқ тарғиб этиш мақсадида илгари сурилган ташаббусни амалга ошириш мақсадида “Маҳаллада дув-дув гап” маънавий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда, – дейди Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Акром Муқимов. – Бир ой давом этадиган лойиҳа вилоятдаги барча маҳаллаларда ўтказилади. Унда аҳоли, хусусан, ёшлар билан турли маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилиб, интелектуал ва спорт мусобақалари ташкил этилади. Вилоятдаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлар уюштирилади.
[gallery-15332]
Тадбирда санъаткорлар ва ҳарбий оркестр жамоаси томонидан куй-қўшиқлар ижро этилиб, йиғилганларга кўтаринки кайфият улашилган бўлса, ҳарбийларнинг жанговар руҳидаги кўргазмали чиқиши барчада катта таассурот қолдирди.
Тадбир гулхан атрофида давом эттирилиб, шўх куй ва рақсларга уланиб кетди.
“Маҳаллада дув-дув гап” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар барча ҳудудларда давом этмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари