Маҳаллада бунёдкорлик ишлари авжида
Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Ғафур Ғулом маҳалласида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” тамойили асосида кенг кўламдаги ободончилик ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Дастлаб тасдиқланган “Йўл харитага” кўра, маҳалладаги кўчаларнинг ҳолати ҳамда инфратузилмасини ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Улар томонидан мавжуд 4 та кўча, 543 та хонадон, 686 та оила ҳамда 3020 нафар аҳоли хатловдан ўтказилди.

Хатлов натижаларига кўра, маҳалла ҳудудида олиб борилаётган тадбирлар учун 4 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилиб, 1 миллиард сўм маблағни республика, 3 миллиард сўм маблағни эса маҳаллий бюджетдан ажратиш белгиланди.

– Дастур доирасида маҳалламизда олиб борилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларига 25 дан ортиқ турли махсус техника жалб этилган, – дейди маҳалла раиси Раҳматжон Саидов. – Маҳаллада узоқ йиллардан буён ечимини кутиб турган муаммолардан бири ичимлик суви муаммосидир. Маҳалла аҳолисининг марказлашган ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида сув қувурлари ётқизилиб, 250 метр куб сиғимга эга сув сақлаш иншооти қурилмоқда. Маҳаллада пиёдалар йўлакчаси қурилиб, ёритиш чироқлари ўрнатилмоқда. 2 км ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизилди. Электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 159 та бетон таянч устунлари ўрнатилиб, 4200 метр замонавий СИП кабель тортилди ҳамда 2 дона 160/10кВ. трансформатор пункти ўрнатилди. Шунингдек, 8,4 км табиий газ тармоқларида бўёқлаш ишлари олиб борилди.

Маҳалла ёшларининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун "Street workout" спорт майдончаси қурилмоқда.
Дастур доирасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. Тадбирлар доирасида 14 та тиббий йўналиш бўйича тор мутахассислар аҳоли орасида кўп тарқалган касалликлар бўйича ўз тавсияларини беришди. 2932 нафар, шундан, 1870 нафар хотин-қиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Ўтган давр мобайнида маҳалладаги ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 3 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди. 45 нафари жамоатчилик ишларига жалб этилди. 40 нафари ўзини-ўзини банд қилган бўлса, 35 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз 29 нафар фуқарога 271 миллион сўмлик асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари субсидия асосида олиб берилди. 3 нафар фуқарога эса 91 миллион сўм банк кредити ажратилди.
Айни пайтда маҳалла фуқаролар йиғини биноси қурилмоқда. Аҳоли хонадонларини тартибга келтириш, томорқа ерларидан унумли фойдаланиш бўйича ободонлаштириш ишларига масъул корхона ва ташкилотлар томонидан тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири