“Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича ўқув- семинар
Бухоро вилояти солиқ бошқармасида бошқарма раҳбарияти иштирокида “Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш” бўлимига бириктирилган ходимлар учун ўқув- семинар ташкил этилди.
Унда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Д.Юлдашев “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтказилган ходимларга янги тизимнинг мақсад ва вазифалари ҳамда уларнинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш тартибини кенг тушунтириб берди.

Таъкидланганидек, бошқармадан маҳаллага бириктирилган ходимлар эндиликда ҳудудларда 13 мингдан ортиқ ҚҚС тўловчиларига хизмат кўрсатиб, 21 та йўналишда иш олиб боради. Хусусан, улар маҳаллаларда солиқ базасини кенгайтириш, солиқларни ундириш, солиқ тўловчиларга солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда яқиндан кўмаклашиш ҳамда қўшимча манбаларни аниқлаш ҳисобига маҳаллий бюджетга тушумларни кўпайтириш билан шуғулланади.
“Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш” бўлимига бириктирилган ходимларнинг вазифаларини тушунтириш асносида уларга тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал этиш, паст қувватда ишлаётган корхоналарда мавжуд имкониятларни ўрганган ҳолда товар айланмаларини ошириш ва фаолиятини кенгайтириш ҳамда фаолиятини вақтинча тўхтатган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини қайта тиклаш, яширин иқтисодиётнинг олдини олиш ҳамда ҳудуддаги солиқ қарздорликларини ундириш борасидаги ишларни амалга ошириш юзасидан тавсиялар берилди.

Ўтган йили июль ойидан буён Бухоро вилояти солиқ тизимида “маҳаллабай” ишлаш ташкил қилинган бўлиб, 544 та маҳаллага тумандаги 425 та ходимдан илгари солиқ назорати билан шуғулланган 258 нафари бириктирилди. Яъни битта ходимга ёши, тажрибаси, салоҳиятидан келиб чиқиб, 1 тадан 3 тагача маҳалла тўғри келади.
Таъкидлаш лозим, ўтган қисқа вақтда “маҳаллабай” ишлаш ўзининг ижобий самарасини аниқ рақамларда кўрсатди. Масалан, ер ва мол-мулк солиқлари бўйича мавжуд қарздорликлар билан манзилли ишланиши натижасида йиллар давомида жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиқларидан 131 миллиард сўмлик қарздорлик 2023 йил якуни билан 93 миллиард сўмга қисқартирилди.

Айланмадан олинадиган солиқ, ер ва мулк, декларациядан тушум, шунингдек, ўз ўзини банд қилиш, иш ўринларини легализация қилиш сони ўтган ойларга нисбатан 1,5 баравардан 2,5 бараваргача ортди.
Ҳудудлардаги солиқ инспекцияларида “маҳаллабай” ишлаш тизимининг яхши самара берганлиги ҳисобига Солиқ қўмитасининг тегишли буйруғи асосида вилоят солиқ бошқармасининг иш фаолияти қайта ташкил этилди. Худди солиқ инспекцияси ходимлари каби бошқарманинг 66 нафар ходими ҳам 544 та маҳалла фуқаролар йиғинига бириктирилиб, уларнинг рейтинг кўрсаткичлари белгилаб берилди.

Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, штатлар жадваллари белгиланган тартибда қонунчиликка амал қилинган ҳолда мувофиқлаштирилди. “Солиқ органларининг маҳаллабай ишини ташкил этиш” шуъбаси ҳамда “Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш” ва “Солиқ маъмуриятчилиги” бўлимлари ташкил этилди.
Бунинг ҳисобига, бошқармадаги 66 нафар ҳамда ҳудудий солиқ инспекцияларидаги 275 нафар солиқ хизмати ходимлари “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтказилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири