Бугун юртимизда халқ билан мулоқот қилиш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топишда “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида иш олиб борилмоқда.
Ҳатто олис ҳудудлардаги ҳар бир инсон дардини тинглаш, муаммо ва камчиликларни ўрганишга имконият яратилмоқда. Мазкур жараёнда ҳар бир соҳа масъулларининг иштироки ва аралашуви билан жойлардаги муаммолар тезроқ бартараф этилмоқда.
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари Юқори Чирчиқ туманидаги “Навоий”, “Оқ овул”, “Нурли йўл” ва “Фаровон” маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳаллабай” асосида иш ташкил этиб, аҳолининг муаммо ва камчиликларини ўрганди.
Хўш, ўтган вақт мобайнида қандай ишлар амалга оширилди?
Мазкур ҳудуддаги маҳаллаларда 2 минг 740 та хонадон мавжуд бўлиб, жами 3 минг 400 та оила ва 15 минг 384 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ уйма-уй юриш орқали фуқароларнинг 297 та муаммоси аниқланди. Улардан 15 таси ҳал этилди. Баъзи оилаларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Маҳаллалардаги “Темир дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оғир шароитда яшаётган фуқароларга ёрдам кўрсатилмоқда.
Қайд этиш жоизки, уйма-уй юриш жараёнида энг кўп муаммолар ичимлик суви, транспорт қатнови, симёғочларнинг эскирганлиги, ички йўлларни таъмирлаш, бандлик ва моддий ёрдам каби соҳаларга тўғри келмоқда.
“Нурли замин” маҳалла фуқаролар йиғинида вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда сайёр учрашув ўтказилди. Унда 15 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатилди. “Истиқлол” МФЙда эса мутахассислар томонидан уйма-уй юрган ҳолда уларнинг муаммолари ўрганилиб, 43 нафар фуқаронинг туғилганлик, 33 нафарида никоҳ тузилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, 4 нафар фуқарода эса фуқаролик паспорти йўқлиги маълум бўлди. Айни кунда ушбу фуқаролар иштирокида ФҲДЁга оид бўлган ҳужжатларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Якуни билан барчасига тегишли гувоҳномалар расмийлаштирилиб берилади.
Тумандаги “Навоий” МФЙда “Обод қишлоқ” дастури доирасида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Соҳа мутахассислари уйма-уй юриб фуқаролар билан суҳбатлашди. Шу билан бирга, уларнинг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзини ўзгартириш бўйича аниқланган муаммолар жойида бартараф этилмоқда.
Маҳаллада яшовчи Наргиза Қосимбекова 5 йилдан буён 2-гуруҳ ногирони бўлгани сабабли ишлай олмаяпти. Аммо, қўлидан тикиш-бичиш келар экан. Уй шароитида доимий даромад манбаига эга бўлиш имкониятини яратиш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги ва Тошкент вилояти бошқармаси кўмагида Н.Қосимбековага замонавий тикув машинаси топширилди.
– Биргина турмуш ўртоғимнинг ишлагани оиламиз харажатларини қоплай олмаяпти, – дейди Н.Қосимбекова. – Нафақа пулига қараб ўтирмасдан, ўзим ишлаб, оиламга ёрдам қилсам дегандим. Ҳомийлар ёрдами билан бизга тикув машинаси берилди. Ҳатто, томорқамизга мевали кўчатлар олиб келиб, экиб берилди.
“Маҳаллабай” ўрганиш ишлари тумандаги барча маҳаллаларда давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА