“Маҳаллабай” иш тизими ўз самарасини бермоқда
Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармасига бириктирилган 4-сектор ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг уч поғонали “Маҳаллабай” иш тизими жорий этилган.
Жойлардаги ҳар бир маҳаллага масъуллар бириктирилиб, улар томонидан иқтисодий-ижтимоий йўналишларда манзилли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Темир дафтар” га 12 минг 679 та оила, 2-босқич “Аёллар дафтари” га 9 минг 577 нафар ва “Ёшлар дафтари” га 10 минг 318 нафар фуқаро киритилган бўлиб, улардан ишсиз бўлган 24 минг 409 нафари бандлиги таъминланди.
Маҳаллаларнинг ўсиш нуқталари драйвери таҳлилига кўра, вилоятнинг 4-сектори ҳудудида чорвачилик йўналишида 45 та маҳаллада 18 минг 708 та, паррандачиликда 36 та маҳаллада 5 минг 707 та, қуёнчиликда 52 та маҳаллада 2 минг 170 та, асаларичиликда 19 та маҳаллада 902 та, деҳқончилик (томорқа)да 74 та маҳаллада 13 минг 407 та, боғдорчиликда 13 та маҳаллада 22 минг 132 та, иссиқхона йўналишида 39 та маҳаллада 474 та, ҳунармандчиликда 19 та маҳаллада 820 та хонадонлар фаолият юритмоқда.
– Маҳаллабай ўрганишларда муаммолари мавжуд бўлган 150 нафарга яқин тадбиркорлик субъектига 9 миллиард 658 миллион сўм миқдорда кредит маблағлари ажратилди,– дейди Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Равшан Раимов .– Бунинг натижасида жойларда 758 киши ишли бўлди. “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури доирасида кредит олиш истагида бўлган 1 минг 164 та оилага 36,5 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди.
Ҳозир 4-сектор ҳудудидаги 231 та маҳаллада 146 мингта хонадонда (185 мингта оила) 664 минг нафар аҳоли яшайди.Уйма-уй ўрганиш жараёнида турмуш шароити оғир бўлган 462 та оила аъзолари оилавий ҳолатини яхшилаш ва даромад манбаига эга бўлиш учун паррандачилик билан шуғулланишига амалий ёрдам беришини сўраган. Мурожаатларни ҳал этиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси раиси ташаббуси билан ушбу фуқароларга махсус инкубаторлар тарқатилди.
Жумладан, Оҳангарон шаҳаридаги “Қўрғон” маҳалласи Қўрғон кўчасида яшовчи Фахриддин Бозоров анчадан бери ишсиз эди. Унга ҳомийлар томонидан 500 та жўжа очиш инкубатор мосламаси олиб берилди.
–Ҳозиргача мослама ёрдамида 400 дона жўжа очирдим,– дейди Ф.Бозоров. – Уларни сотганимда эса 2 миллион 200 минг сўм фойда олдим. Келгусида фаолиятимни кенгайтириб, наслли парандаларни кўпайтиришни режалаштиряпман.
Шунингдек, 415 нафар ишсиз фуқаролар учун 308 гектар ер майдонида иссиқхоналар ташкил этишга кўмаклашилди.
Маҳаллаларда инфратузилма тармоқларини таъмирлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Таъмирталаб ички йулларнинг 276 километрига шағал ва асфальт ётқизилди. Масалан айни пайтда Зангиота туманида "Саҳоват" маҳалласида "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастури асосида ишлар жадал олиб борилмоқда. Узоқ йиллардан бери "Қосимбоев" кўчаси йўлларининг таъмирталаблиги аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Дастур доирасида йўлларга асфальт ётқизилиши одамларни хурсанд қилди.
Туман шаҳарлардаги кўз илғамасдек туюлган ички йўллардаги 8 та таъмирталаб кўприклар, 33,3 километр ичимлик сув қувурлари, 62 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми, 13 та уйнинг том қисми таъмирдан чиқарилди. 79,2 километр газ узатиш тармоқлари, 20 та газ тақсимлаш нуқталари жорий ва мукаммал таъмирланди.
Аҳоли орасида “Маҳаллабай”, “Хонадонбай” уйма-уй ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларни ҳал этиш, халқни рози қилиш йўлидаги сайъ-ҳаракатлар ўз самарасини бераётир. Зеро, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш сизу бизга боғлиқлигини унутмасак бўлгани.
А.Мусаев,
ЎзА