Маҳалла – жамиятнинг асл кўзгуси
Шу кунларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида «Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги» бўлиб ўтмоқда.
Маҳаллалар ҳар биримизнинг ҳаётимизда ўзига хос ўрин эгаллайди. Кейинги йилларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамият ҳаётидаги ўрни, мавқеини тобора мустаҳкамлаш ва оширишга эътибор кучайди. Маҳаллаларни тобора обод, хавфсиз, фаровон, озода этиш борасида кўплаб амалий лойиҳалар ҳаётга жорий этилмоқда. Айни пайтда фуқаролар йиғинларининг аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини аниқ, манзилли, ижтимоий йўналтирилган тарзда ҳимоялаш борасидаги ваколат ва имкониятлари, вазифалари ҳамда масъулияти янада кучайтирилди. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» каби механизмларнинг жорий этилиши мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг илдизига баҳо беришда янги имкониятларни очмоқда.
Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар билан танишиш мақсадида ҳудудларга сафарлари чоғида ҳам аввалдан тайёрлаб қўйилган, «усти ялтироқ» маҳаллаларга эмас, балки қўққисдан исталган фуқаролар йиғинига ташриф буюриши мазкур тузилмалардаги муаммоларни рўй-рост аниқлаш, вазиятни теран таҳлил этиш, амалий ечимларини белгилаб олишда муҳим омил бўлмоқда.
Дарҳақиқат, бугун ҳар қайси маҳаллада муаммолар топилади. Ундаги йўлларнинг бари ҳам текис ва равон эмас. Электр, газ, иситиш, тоза ичимлик суви таъминотида муаммолар етарли. Бирон мутасадди йиллар мобайнида «Аҳволинг не?» демаган хонадонлар, шифо тилаб шифтга термулиб ётган бемори бор оилалар қанча! Кимдан кўмак сўрашни билмаётган фуқароларчи... Юртимизда ишлаб чиқилаётган дастурлар, турли лойиҳалар мавжуд долзарб масалаларга ечим топишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жорий йилнинг 22-28 март кунлари юртимиз бўйлаб ўтказилаётган «Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги» тадбирлари ҳам тантанавор, баландпарвоз, хўжакўрсинликдан йироқ бўлаётгани билан аҳамиятлидир. Унинг доирасида тегишли ташкилотлар, маҳаллий идоралар маҳаллаларга эътиборини янада кучайтирмоқда. Муаммолар ўрганилмоқда, ҳал этишга ҳаракат қилинмоқда.
– Бугун маҳаллада ҳаёт қайнайди, – деди Тошкентнинг Учтепа туманидаги «Шарқ юлдузи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Камолиддин Азизов. – Маҳалламизда яхшигина китоб фондига эга бўлган кутубхона, тикув цехи, қандолат цехи, психолог маслаҳатхонаси, қизларни рўзғор юмушларига тайёрлашга кўмаклашувчи тўгараклар, спорт тўгараги ташкил этилган. Лекин оилавий ажримларнинг олдини олиш, бандликни таъминлаш, соғлом турмуш тарзи, тўй-тадбирларни ихчам ўтказиш бўйича ҳали ишлашимиз зарур бўлган масалалар ҳам бор.
– Илгарилари барча муаммолар тўпланиб, чигаллашиб кетганди, – деди Шайхонтоҳур туманидаги «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Манзура Валиева. – «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар»нинг жорий этилгани муаммоларга тизимли ёндашиш имконини бермоқда. Шу билан бирга ёшлар маънавияти,тарбиясини, уларнинг ҳаётга бўлган муносабатини тўғри шакллантириш, оилага тайёрлаш бўйича анча ишлар зиммамизда.
Ҳа, ҳафталик ҳар бир маҳаллага ўз фаолиятига яна бир карра теран назар ташлаш имконини бермоқда. Айни пайтда лойиҳа доирасида «Нуронийлар масканлари», «Маҳалла маркази» мажмуалари, «Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари», аҳолини касбга ўқитиш масканлари, шунингдек, оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларга янги уйларни топшириш маросимлари ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси маҳалла ҳар бир фуқаро ҳаётининг узвий қисмига айланиб кетганининг амалдаги яна бир ёрқин исботидир.
Назокат Усмонова, ЎзА