Маҳалла - жамият кўзгуси
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг Халқаро Медиа-холида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари раҳбарияти, шунингдек, фуқаролар йиғини ходимларининг хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар билан мулоқоти ташкил этилди.
“Маҳалла тизими ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотларининг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки” мавзусида ташкил этилган мазкур учрашувда маҳалла тарихи ва унинг ривожланиш босқичлари, сўнгги йилларда соҳада олиб борилаётган энг муҳим ислоҳотлар, шунингдек, маҳалла тизимининг мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оила институтини ривожлантириш ҳамда жамиятдаги бошқа муҳим жараёнлардаги муҳим ўрни хусусида атрофлича маълумот берилди.
Ўтган йиллар давомида маҳалла тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб, вазифа ва ваколатлари кенгайтирилди. Унинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фаол ҳамкорлик алоқалари кучайтирилди.
Ўзбекистон Ресупбликаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги тегишли Фармони асосида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари, вазирлик ҳузурида “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Фармонга кўра, фуқаролар йиғини раислари ваколати муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Фуқаролар йиғинлари зиммасида мавжуд 200 дан ортиқ вазифалар соҳа ходимларидан олиб ташланди. Шунингдек, фуқаролар йиғини раисининг 3 та ўринбосари, 2 минг 573 та маҳаллада қўшимча равишда профилактика инспектори штат бирлиги жорий этилди. 22 март санаси “маҳалла тизими ходимлари куни” сифатида белгиланди ва фуқаролар йиғини ходимлари ойлик иш ҳақи 1,5 баробарга оширилди.
Маҳаллаларда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссиялар, “Аёллар маслаҳати” кенгашлари, “Бувижонлар мактаби” кенгашлари ва “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмалари ташкил этилди. Фуқаролар мурожаати билан ишлашда аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида вазирлик ҳузурида 1146 қисқа рақамли "Ишонч телефони" жорий этилди.
Республикамиздаги 1 минг 700 га яқин маҳалла идораси янгидан қурилди, 1 минг 200 га яқини эса қайта реконструкция қилинди, 4 минг 300 дан ортиғи таъмирланди. 7 мингга яқин фуқаролар йиғини компьютер жамланмаси, 5 мингга яқини янги мебель жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, 4 минг 300 га яқин маҳалла биноларида кутубхоналар ташкил этилди, 153 та туман (шаҳар) марказида “Маҳалла маркази” мажмуалари барпо этилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” тамойили асосида 7 миллиондан ортиқ оилалардаги муаммолар ўрганиб чиқилди ҳамда уларнинг аксари ижобий ҳал этилди.
“Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг фаол аъзолари иштирокида ўтган 5 йил давомида 46 мингдан ортиқ оиланинг нотинчлигига барҳам берилди, ажралиш ёқасига келиб қолган 53 мингдан зиёд оила яраштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги қарори асосида бугунги кунга қадар 4 минг 737 нафар оғир шароитдаги хотин-қизларнинг уй-жойлари шароитларини яхшилаш мақсадида уй-жойларнинг 123,6 миллиард сўмлик бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 мартдаги қарори бўйича ўтган қисқа давр мобайнида I гуруҳ ногиронлиги бўлган 4,3 минг нафар хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлашга амалий ёрдам кўрсатилди. Нотурар жойларда яшаётган 4 минг нафар хотин-қизларга ижара компенсацияси тўлаб берилди, 4,8 минг нафари имтиёзли арзон уй-жойлар билан таъминланди.
“Темир дафтар” тизими асосида сўнгги икки йил давомида 572 минг 894 та оила аъзоларининг бандлиги таъминланди ва ушбу рўйхатдан чиқарилди. Эҳтиёжманд, моддий ёрдамга муҳтож оилаларга озиқ-овқат ва бошқа зарур воситалар маҳсулотлари тарқатилди.
“Аёллар дафтари” тизими асосида шу кунга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг 131 минг 109 нафарининг бандлиги таъминланди, 36 минг 697 нафарига моддий ёрдам берилди, 4 минг 164 нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилди, 8 минг 834 нафарининг уй-жойларини яхшилаш учун амалий ёрдам, 8 минг 103 нафарига моддий ва мурувват ёрдамлари кўрсатилди, 44 минг 23 нафарига манзилли тиббий, 24 минг 652 нафарига ҳуқуқий, 23 минг 399 нафарига психологик ёрдам берилди.
Учрашув давомида халқаро ва маҳаллий журналистлар ҳамда блогерлар томонидан берилган мавзуга оид саволларга вазирлик раҳбарияти вакиллари томонидан атрофлича жавоб берилди.
Н.Усмонова, ЎзА