Маҳалла ёшлари қўллаб-қувватланмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашиш, муаммоларини ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг-кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Андижон давлат университети ректори Бахтиёржон Акбаралиев Қўрғонтепа туманидаги Мирзо Улуғбек, Мустақиллик, Мустақилликнинг 15 йиллиги маҳаллаларида истиқомат қилувчи, ўзига бириктирилган ёшлар билан учрашди. Уларнинг яшаш шароитлари билан танишди, муаммо, таклиф ва ташаббусларини эшитди.
Университет ректори маҳалла ёшлари билан мулоқотда уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ҳаётда ўз ўринларини топиш, қизиқиш ва келгусидаги режалари ҳақида фикрлашди.
Учрашувда маҳалла ёшлари билан ишлаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, ўзлари орзу қилган олий ўқув юртларида ўқиши, қизиққан касбни эгаллаши учун кўмак кўрсатилишини алоҳида таъкидлади. Бу борада уларга зарур таклиф, тавсия ва маслаҳатлар берди.
[gallery-18256]
Шунингдек, учрашувда Мирзо Улуғбек маҳалласида яшаётган икки нафар мактаб битирувчисини замонавий касбга йўналтириш мақсадида компьютер саводхонлиги бўйича улар таҳсил олаётган, бир йиллик ўқув курсида ўқиш учун шартнома пули университет томонидан тўлаб берилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),ЎзА мухбирлари