“Mahalla yordami” телеграм боти ишга тушади
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар учун пресс-тур уюштирилди.Тадбирда Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Сатторов ҳамда бошқарма масъул ходимлари аҳолига сифатли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Дастлаб, бошқармада йўлга қўйилган “Ситуацион марказ” фаолияти билан таништирилди. Қайд этилдики, бугунги кунда барча Давлат хизматлари марказлари ҳамда ФҲДЁ органлари ва Юридик хизмат кўрсатиш марказлари тўлиқ кузатув камералари билан жиҳозланган. Ушбу кузатув камералари Адлия вазирлиги биносида БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида барпо этилган “Ситуацион марказ” билан боғланган. Марказ орқали юқорида номлари келтирилган адлия органларидаги хизмат кўрсатиш жараёнини реал вақт режимида кузатиш, электрон мурожаатлар ҳамда ахборот тизимлар ҳолати бўйича мониторинг қилиш имконияти яратилган.
Самарқанд вилояти адлия бошқармасидаги ситуацион марказ вилоятдаги 16 та Давлат хизматлари маркази, 23 та ФҲДЁ органи ва 16 та юридик хизмат кўрсатиш маркази биноларидаги жами 280 га яқин кузатув камералари ҳамда Q-matic тизими билан боғланган. Бу ташкилотлар фаолиятини мониторинг қилиш ва ходимларнинг хатти-ҳаракатини кузатиш имконини беради. Энг асосийси, электрон навбатларни назорат қилиш имконини берувчи Q-matic тизими ва ундан фойдаланиш, ҳар бир марказдаги навбатлар ҳам назорат қилинади.
Бошқарма масъулларининг қайд этишича, мазкур марказ давлат хизматларини кўрсатишда қулайлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек тезкор ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш имконини беради. Пресс-турда “Mahalla yordami” телеграм боти тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Мазкур бот Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти адлия бошқармаси томонидан Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Мазкур бот орқали дастлабки босқичда фақат ижтимоий дафтарлар ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган фуқаролар учун қонунчиликда берилган имтиёзлар турлари, улардан қандай фойдаланиш мумкинлиги, қайси ваколатли органга мурожаат қилиш, имтиёзларни қўллаш тартиби ва муддатлари ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.
Имтиёзларни қўллаш бўйича қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда адлия бошқармасига мурожаат қилиш имконияти яратилган.
Ботдан фуқароларни хабардор қилиш, ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, QR-кодли маълумотлар вилоят ҳудудидаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларига тарқатилмоқда.
Бундан ташқари, бошқарма томонидан ҳозирда “Маҳалла ёрдами” телеграм боти фойдаланиш имкониятларини ошириш, яъни фақат “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган фуқароларга берилган имтиёзлар эмас, балки амалдаги қонунчилигимизда мавжуд барча жисмоний ва юридик шахсларга берилган имтиёз ва преференциялар ҳақида ҳам ботга маълумот киритиш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ҳудудий маҳалла уюшмалари билан биргаликда фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини ечиш бўйича адлия бўлимлари бошлиқларининг режа-график асосида қабуллари ташкил этилиб, бу онлайн-виртуал қабуллар тарзида ҳам олиб борилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари