Маҳалла йўллари янада равон бўлади
Президентимизнинг жорий йил 25 октябрда қабул қилинган “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Фарғона вилоятидаги 716 та маҳаллаларда 719 та лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бунинг учун 1 триллион 107,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилаётган бўлиб, натижада аҳолини йиллар давомида қийнаётган муаммолар ечим топмоқда.
Учкўприк туманида қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, “Зиғир” маҳалла фуқаролар йиғинида йўл инфратузилмаси билан боғлиқ мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ички кўчаларни таъмирлаш, ёғин-сочинли кунларда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида босқичма-босқич асфальт ётқизиш ва шағаллаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Дастлаб, туман ҳокимлиги ташаббуси билан маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 2 минг 300 метр ички йўллар шағаллаштирилди. Айни вақтда маҳалла ҳудудидаги 4 минг метр ички ва асосий йўлларга асфальт ётқизиш ишлари бошланди. Бу ишлар учун 2 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Шунингдек, аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг электр-энергияси таъминотини яхшилаш учун маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Катта тол, Ободтепа ва Гулистон кўчаларига 3 та трансформатор пунктлари ўрнатилди.
М.Сулаймонов, ЎзА