Мамлакатимиз маҳаллаларнинг тарихий тараққиётида янги давр бошланмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистонда 10 мингга яқин маҳалла бор. Сўнгги йилларда маҳалла институтини ислоҳ қилиш ва уни халқ ҳаётига яқин, самарали тизимга айлантириш бўйича кенг кўламли аҳолини мамнун қиладиган уларга қувонч бағишлайдиган ишлар амалга оширилди. Маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни рақамлаштириш орқали «Ижтимоий маҳалла» тизими доирасида маҳаллалардаги шарт-шароитлар, инфратузилма ва объектлар аҳволи, қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг бориши, экологик вазият ва бошқа масалаларни фуқаролар томонидан виртуал мониторинг (мобил илова, ижтимоий тармоқлар ва ҳ.к.) қилиш амалиёти жорий этилмоқда. «Ижтимоий маҳалла» тизими орқали маҳаллада аҳволни ўрганиш юзасидан ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш ташкил этилмоқда. Маҳаллаларнинг институционал асосларини такомиллаштириш, мазкур тизим учун юқори малакали мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ишлари бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. “Маҳалла еттилиги” тизими амалиётга татбиқ этилгандан буён аҳолининг муаммоларини маҳалла даражасида ҳал этиш самарадорлиги ошиб, еттиликнинг коллегиал қарорлари асосида маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи тобора яхшиланиб бормоқда. Шунингдек, маҳаллаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланяпти, инфратузилмаси такомиллашиб, янги, замонавий қиёфа билан бойиб бормоқда. Кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқди, ишсизлик даражаси 2 баробар қисқарди. Шунингдек, 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келди. Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Улар бошчилигида “еттилик” вертикал тизими яратилди, етарли шароит, ресурс ва ваколатлар берилди. «Маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш тартиби ҳамда кўчабоши ва уйбошилар фаолиятини ташкил этиш тартибининг ҳуқуқий асослари яратилди. Маҳалладаги ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, иш ўрни яратиш учун маҳаллаларга банкир ва солиқчилар боғлаб берилди, инфратузилмага ҳам алоҳида маблағ ажратилмоқда. Ўзбекистонда маҳаллаларнинг номи, жойлашган ҳудуди, СТИРи каби маълумотлар тўпланадиган МФЙ ягона реестри шакллантирилади. Мазкур реестр маҳаллага оид тўлиқ маълумотларни шакллантириш, жисмоний шахсларнинг манзил маълумотлари, юридик шахслар ва кадастр объектлари маълумотларини маҳалла кесимида шакллантириш, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмалари томонидан ўзларининг ахборот тизимларида шаклланадиган маҳалла кесимидаги маълумотларни "Электрон ҳукумат" тизимининг ягона инфратузилмасига бирлаштириш мақсадида юритиладиган бўлди. Мазкур реестр ташкилотлар билан ҳамкорлик учун зарур бўлган маҳаллага оид ягона маълумот манбаи ҳисобланади. Эндиликда рақамли маҳалла институтини шакллантириш мақсадида 2030 йилга қадар маҳаллаларни юз фоиз рақамлаштириш вазифалари белгиланган.
Ўзбекистоннинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш тўғрисида ихтиёрий миллий ҳисоботида ҳам таъкидланганидек, Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, манзилли ижтимоий ҳимоя масалаларини бевосита аҳоли яшаш жойларида (маҳаллаларда) кўриб чиқиладиган, бошқа хорижий мамлакатлардан фарқ қилувчи маҳалла миллий модели амалга оширилмоқда. Мазкур тамойил асосида бир қатор институционал ислоҳотлар амалга оширилиб, бошқарув тизими ислоҳ қилинмоқда, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг барча соҳаларида аҳоли ва фуқаролик жамиятининг кенг иштироки орқали демократиянинг ривожланиши таъминланмоқда. "Очиқ бюджет" тизими фаол ишлаб чиқилиб, янги "маҳалла бюджети" тизими амалиётга жорий қилиниши натижасида аҳоли маҳаллий бюджет маблағларини аниқ талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда тақсимлашда бевосита иштирок этиб, ўзларининг муаммоларини мустақил ҳал этмоқда.
Кези келганда шуни айтиш жоизки, мамлакатимиз фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тараққиётидаги янги босқичида миллий қонунчиликни ривожлантиришнинг объектив эҳтиёжидан келиб чиқиб бу борада нормаижодкорлик фаолиятини амалга оширишни тақозо этмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 22 апрелдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” ги қонуни (янги таҳрири) такомиллаштириш зарурияти вужудга келмоқда. Мазкур қонунни ҳозирда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган стратегик сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотларга монанд тарзда уни тизимлаштириш ва бирхиллаштириш ҳамда ақлли тартибга солиш элементлари билан уйғунлаштиришни тақозо этмоқда. Энг аввало, мазкур қонунни “Рақамли маҳалла”га оид устувор нормалар билан тўлдириш лозим. Рақамли маҳалла платформасини бошқа тегишли давлат ташкилотлар ахборот тизимлари билан интеграция қилиш ишларини ҳуқуқий таъминлашни янада такомиллаштириш лозим. Бошқача айтганда, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятида ахборот коммуникацион технологиялардан фойдаланиш тартиби ва асосларига бағишланган нормаларни белгилаш зарур. Замонавий рақамли бошқарув тизимини шакллантириш мақсадида келгусида фуқароларнинг ўзини–ўзи бошқариш органлари фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланишга оид нормаларни назарда тутиш замонавий рақамли технологик ўзгаришларга ҳам мос бўлар эди.
Шунингдек, маҳалла кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида маҳалла раиси ва ходимлари шу жумладан, маҳалла еттилиги вакилларини махсус рақамли дастурий таъминотларга мувофиқ даврий равишда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизими, улар фаолиятини илмий тадқиқ этиб ўрганишнинг самарадорлигини ошириш ҳамда уни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва ва молиялаштириш тартиби ва асосларига оид устувор нормаларни белгилаш лозим. Бундан ташқари, фуқаролар йиғини раисларини профессионал медиаторликка босқичма-босқич ўқитиб бориш, профессионал медиаторликка ўқитилган фуқаролар йиғини раислари отанинг (онанинг) вояга етмаган фарзандлари учун ота-оналик ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ низолар бўйича медиаторлик фаолиятини бепул амалга оширишга хақлилигига оид устувор нормаларни назарда тутиш ҳам соҳавий махсус қонунчиликнинг бу ҳақдаги нормаларни тизимли мазмунда ифода этишнинг замонавий тенденцияларига мос бўлур эди. Энг муҳими, бугунги кунда маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, аҳолининг даромадларини кўпайтириш, бир сўз билан айтганда, маҳалла иқтисодий ривожланишининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда, маҳалланинг молиявий-иқтисодий ривожланиши қонун устуворлиги, иқтисодий фаолият эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий шериклик принципларига асосланади. Маҳалла ҳудудида стартап лойиҳаларни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорлик, ижтимоий ва рақамли ишлар, хизматлар, ўзини ўзи банд қилишни қўллаб-қувватлашда маҳалла давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлиги ҳақида аниқ нормаларни белгилаш лозим. Бошқарув сервис компаниясида ёшлар учун касб-ҳунар ўқувлари, маиший хизмат шохобчаларини жойлаштириш айниқса, мамлакатимиз ва дунёнинг нуфузли кутубхоналари билан рақамли интеграциялаштирилган кичик кутубхоналарни жойлаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Маҳалланинг иқтисодий ривожланишига қаратилган дастурлар ва лойиҳалар давлат ва маҳаллий дастурлар билан уйғун ҳолда амалга оширилади ҳамда уларни молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган манбалар ҳисобидан таъминланади.
Рузиназаров Шухрат Нуралиевич,
юридик фанлари доктори, профессор