Маҳалла — янги тараққиётнинг қуйи бўғини
Бугун Қорақалпоғистонда кенг кўламли янгиланишлар, иқтисодий ислоҳотлар ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Ҳудудда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилиб, инфратузилма янгиланмоқда, тадбиркорлик ва инвестиция учун янги имкониятлар яратилмоқда. Бу жараёнларнинг энг муҳим натижаси эса одамларнинг кундалик ҳаётида, ҳар бир оила ва маҳаллада сезилиши билан ўлчанади.
Давлатимиз етакчиси раислигида Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам ҳудудни комплекс тараққий эттириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, инвестицияларни жалб этиш, саноат ва тадбиркорликни кенгайтириш, инфратузилмани яхшилаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. Эндиликда бу имкониятларни аҳоли манфаатига хизмат қиладиган аниқ натижага айлантиришда маҳалла тизимига алоҳида масъулият юкланади.
Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон учун кенг кўламли иқтисодий ва молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари амалга оширилди. Хусусан, фойда, ер ва мол-мулк солиқлари икки баробар пасайтирилди, саноат корхоналари учун электр энергияси тарифи 15 фоизга камайтирилди, ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланди. Ўтган йили ҳудудга 1 миллиард 700 миллион доллар инвестиция киритилиб, бу 2021 йилга нисбатан 22 карра кўпни ташкил этди. Жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодиётнинг 10,2 фоизга ўсиши ҳам иқтисодий фаоллик ортиб бораётганини кўрсатади.
Бироқ рақамлар ва кўрсаткичлар ўз-ўзидан аҳоли фаровонлигини таъминламайди. Уларнинг мазмуни янги иш ўринлари, барқарор даромад, оилавий тадбиркорлик, обод ҳудуд ва муносиб яшаш шароитида намоён бўлиши керак. Ана шу жараёнда маҳалла аҳолига энг яқин, унинг муаммо ва эҳтиёжларини бевосита биладиган муҳим бўғин сифатида майдонга чиқади.
Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида 452 та маҳалла фаолият юритмоқда. Сўнгги ўн йилда 55 та янги маҳалла ташкил этилди, 147 та маҳалла хизмат биноси билан таъминланди. Бу рақамлар маҳалла инфратузилмасини мустаҳкамлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом этаётганидан далолат беради.
Жорий йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб белгиланиши маҳалла тизими олдидаги вазифалар кўлами янада кенгайганини кўрсатади. Маҳаллада «еттилик» фаолиятининг йўлга қўйилиши эса бандлик, ижтимоий ҳимоя, ёшлар масалалари, тадбиркорлик, профилактика ва бошқа йўналишларни ўзаро мувофиқлаштириш, муаммоларни манзилли ҳал этиш учун муҳим имконият яратмоқда.
Маҳалла иқтисодий тараққиётнинг фаол иштирокчисига айланиши зарур. Янги корхона ва лойиҳаларда яратилаётган иш ўринларини маҳалладаги ишсиз аҳоли билан боғлаш, тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқароларни мавжуд кредит ва молиявий механизмларга йўналтириш, оилавий тадбиркорлик имкониятларини кенг тушунтириш — бугунги куннинг муҳим вазифаларидандир. Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ лойиҳаларни шакллантириш ва уларнинг ижросини кузатиб бориш кутилган натижани таъминлайди.
Маҳалла ҳаётида жамоатчиликнинг ўрни ҳам беқиёс. Кўча бийлари, нуронийлар, ёшлар ва фаол фуқароларнинг тажрибаси ҳамда жамоадаги обрў-эътиборидан аҳоли билан ишлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш ва ҳудуд ободлигини таъминлашда самарали фойдаланиш мумкин.
Ободонлаштириш ишлари ҳам маҳалла фаолиятининг доимий йўналиши бўлиши лозим. Ҳудудларни тозалаш ва ободонлаштиришни фақат муайян сана ёки тадбирларга боғлаб қўймасдан, доимий тизим асосида ташкил этиш, бу жараёнга аҳолини кенг жалб қилиш муҳим. Маҳалла, масъул ташкилотлар ва фуқаролар ўртасидаги ҳамкорлик аниқ вазифалар асосида йўлга қўйилса, ҳар бир хонадон ўз ҳудуди ободлигига дахлдорлик ҳисси билан ёндашади.
Шунингдек, маҳаллага ажратилаётган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этади. Молиявий ресурсларнинг ҳар бир сўми аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда йўналтирилиши, амалга оширилган ишлар натижаси жамоатчиликка очиқ бўлиши керак. Қайси маблағ қайси муаммони ҳал этгани, қанча аҳолига манфаат келтиргани ва ҳудудда қандай натижа бергани бўйича аниқ ҳисобдорлик маҳаллага бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Қорақалпоғистонда яратилаётган иқтисодий ва ижтимоий имкониятларнинг ҳақиқий самараси уларнинг ҳар бир маҳалла ва хонадонга қай даражада етиб бориши билан белгиланади.
Энг муҳими, бу натижа одамлар ҳаётида янги иш ўрни, қўшимча даромад, обод кўча, ҳал этилган муаммо ва эртанги кунга ишонч сифатида намоён бўлади. Инсон қадрини улуғлашга асосланган бу ёндашув Қорақалпоғистоннинг янги тараққиёт босқичида ҳар бир маҳалла ва ҳар бир оила ҳаётида янгиланишлар янада яққол кўринишига хизмат қилади.
Сағиндиқ Турманов,
Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси
ЎзА