Маҳалла учун янги бино
Жойларда байрам муносабати билан ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилиши давом этмоқда. Хусусан, Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Дўлтали МФЙнинг янги маъмурий биноси иш бошлади.
Тадбирда вилоят хокими М.Азимов ва сектор раҳбарлари ҳам иштирок этди.
“Шўртангазкимё” мажмуаси ҳомийлигида замонавий қилиб қурилган мазкур бинода маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори ва хотин-қизлар фаоли хоналари мавжуд. Хоналар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Ғузор тумани бўлинмаси томонидан компьютер жамланмалари ва мебеллар билан жиҳозланган.


Маҳалланинг янги маъмурий биносида яратилган шароитлар билан танишар экан “Бу ерда “бешлик” учун ҳамма шароитлар яратилган ва келгусида бу маҳалладаги аҳолининг, ёшларнинг барча-барчанинг манфаатлари учун хизмат қилиши керак”, деди вилоят раҳбари.
Маълумотларга кўра, Дўлтали МФЙ “бешлиги” жорий йилнинг 8 ойи давомида ҳудудда бирор бир жиноят содир этилмаслигига эришган. Бу жараёнда маҳалла аҳлини, нуронийларни ва аҳолини иш билан таъминлашга хизмат қилаётган тадбиркорларни ҳам ҳиссаси беқиёс.


Ўлмас Баротов, ЎзА.