Маҳалла тизимидаги янги вазифалар белгиланди
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашининг ташкилий йиғилиши ўтказилди.
Дастлаб Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларга эътибор қаратилди.

Вилоят ҳокими мазкур ҳужжатларнинг муҳим жиҳатларига тўхталди. Хусусан, эндиликда “маҳалла еттилиги” томонидан маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилинди. Жорий йилдан бошлаб “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” орқали ижтимоий ёрдам ва субсидиялар ажратишда бюрократиядан холи ва маҳалланинг ҳамжиҳатлиги акс этувчи янги тартиб жорий этилади.

64 турдаги ижтимоий ёрдам турларини кўрсатиш ва субсидиялар ажратишдаги муҳим масалалар “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарорлари асосида амалга оширилади. Ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва ижтимоий ходим уларга юклатилган вазифалар юзасидан жисмоний шахсларни тегишли дафтарларга киритиш ва чиқариш ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш бўйича ҳужжатларни шакллантириб, маҳалла “еттилиги”нинг бошқа барча аъзоларига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритади.
Йиғилишда айнан шу жараёнларни ташкил этишга масъулият билан ёндашиш кераклиги айтиб ўтилди.

Вилоятдаги 1 минг 25 та маҳалладан 92 тасида ҳанузгача хизмат биноси мавжуд эмас. Жумладан, Бўстонлиқ, Паркент, Чиноз, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл, Бўка, Зангиота, Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Бекобод туманлари, Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида шундай муаммо мавжуд. Шунингдек, хизмат биносига эга бўлган 933 та маҳалладан 356 тасида “маҳалла еттилиги” учун шароит яратилмаган, 327 тасининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган. Ўз навбатида, 64 та маҳалла биносини реконструкция ва капитал таъмирлаш зарур.

– Бундай ҳолатлар маҳалла фуқаролар йиғинларининг бинолари ва моддий- техника базасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича қилинадиган ишлар кўплигини кўрсатади, – дейди Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. – Эндиликда ҳудудий кенгаш раиси сифатида маҳаллаларда барча шароитларни яратиб бериш ҳокимлар зиммасидаги энг биринчи вазифа бўлиши керак.
Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис конференциясига делегатлар сайланди.

А.Мусаев, Д. Эрназаров (сурат), ЎзА мухбирлари