Маҳалла тизими ходимларига юксак эҳтиром
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждон кўзгуси» ғояси остида ўтказилган «Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги» якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда маҳалла тизими ходимлари ва фаоллари, фахрийлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, фуқаролар мурожаатлари билан самарали ишлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш каби ижобий ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Халқимизнинг эртанги кунига ишончини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли эзгу ишлар билан бирга маҳалла институтини янада такомиллаштириш, унинг тизимли фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб бормоқда. Айниқса, маҳалла институтининг ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида «Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла» тамойилининг жорий этилиши – бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларга янгича мазмун бахш этмоқда.
[gallery-1791]
Юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида маҳалла институтининг ролини ошириш, тизимдаги ишларни «маҳаллабай» асосда ташкил этиш бўйича алоҳида чоралар олиб борилмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида ушбу институтни жамиятнинг миллий бошқарув идорасига айлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Бу ўз навбатида маҳаллани чин маънода одамлар оғирини енгил қиладиган тузилмага айлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилнинг 2 мартда «Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонуннинг имзоланиши ва 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни деб белгиланиши ушбу тизим ходимларига юксак ишончнинг ифодаси бўлди.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Президентимиз жорий йил ушбу байрам олдидан маҳалла тизими ходимлари ва фаолларига йўллаган байрам табригида: «Маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса – бутун жамият ўзгаради», деди. Шу билан «Обод маҳалла», «Обод кўча», «Обод хонадон» мезонларини ҳаётга татбиқ этиш, ислоҳотларни «маҳаллабай» асосда амалга ошириш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган юртдошларимиз муаммоларини «хонадонбай» ҳал этишда соҳа ходимларига юксак ишонч билдирилди.
Дарҳақиқат, ушбу юксак эътибор ва ғамхўрлик маҳалла институтининг жамиятдаги нуфузини ошириш, маҳаллани – ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгусига айланишида муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз. Чунки бугунги кунда халқимиз маҳаллани ўзларининг яқин суянчиғи деб билади. Соҳа ходимларининг жамиятимизда маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган фидокорона хизматлари юксак қадрланади.
Тадбирда жамиятимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойиларга «Ардоқли нуроний», «Ватан фидойиси», «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонлари ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тақдирланганлар номидан Чимбой туманидан меҳнат фахрийси, «Ардоқли нуроний» кўкрак нишони соҳибаси Райгул Жумамуратова, Элликқалъа тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг Кексалар ва фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ривожлантириш бўйича ўринбосари, «Ватан фидойиси» кўкрак нишони соҳиби Исмоил Хожаниязов сўзга чиқиб, юксак ғамхўрлик ва эътибори учун миннатдорлик билдирди.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА