Маҳалла тизими ходимлари ўқитилмоқда
Наманганда вилоят ҳокимлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган филиали ҳамкорлигида маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларининг ўқув- семинарлари бошланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган топшириқларни амалга ошириш механизмларини ижрочиларга сифатли етказишга қаратилган мазкур семинар икки босқичда ташкил этилмоқда.

Даставвал, ҳудудлардаги “Маҳалла еттилиги” таркибидан танлаб олинган номзодлар Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида тренер сифатида тайёрланди. Иккинчи босқичда эса, ҳудудий тренерлар томонидан шаҳар ва туманларда маҳалла тизими вакиллари учун ўқув- семинарлар ўтказилиши белгиланди.
Маҳалладаги ёшлар етакчиси ўғил-қизларни спорт, мусиқа ва турли тўгаракларга жалб этиш билан шуғулланса, хотин-қизлар фаоли аёлларни тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчиликка йўналтиришга ёрдам беради. Ижтимоий ходим эса ёлғиз кекса, ногиронлиги бор ва бошқа муҳтожларга ижтимоий хизматларни кўрсатади.

– Ўқувлардан асосий мақсад “еттилик тизими”нинг муҳим аҳамияти, мазкур фаолиятни ташкил этиш механизмлари, янги тизим самарасида аҳоли учун яратиладиган имкониятлар борасида билим ва кўникмалар бериш ҳамда ҳар бир масъулнинг маҳалладаги ўрни, асосий вазифа ва мажбуриятларини тушунтиришдан иборат, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган филиали раҳбари Шуҳрат Тўхтабоев. – Қолаверса, “Маҳалла еттилиги” ходимлари фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилади.

Ҳозир Наманган шаҳрининг Давлатобод ва Янги Наманган туманларидаги 53 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги ходимлар ўқув-семинарда иштирок этмоқда. Ўқув - семинар дастуридан “Маҳалла еттилиги” фаолиятини ташкил қилиш, маҳаллалар раислари фаолияти, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ишлари, оила ва хотин-қизлар, ички ишлар, ижтимоий ҳимоя, солиқ, маънавият ва маърифат, адлия йўналишларидаги мавзулар ўрин олган. Ўқув- семинарлар якунида иштирокчилардан тест олиниб, уларнинг соҳалар бўйича ўзлаштирган билим ҳамда кўникмалари аниқланади.
Маълумот учун: маҳалла тизими ходимлари ўқуви вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган режага асосан жорий йилнинг 15 февралига қадар давом этади.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири