Кейинги йилларда маҳаллани жамият бошқарувининг халқ қадриятларига асосланган тизими сифатида ривожлантириш мақсадида кўплаб қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди, уларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди ва бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек, миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этиши белгиланган.
Шунингдек, давлат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиши, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши қайд этилган.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайлови эса 2018 йил 15 октябрда қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонун асосида тартибга солинади. Мазкур қонунга кейинги йилларда маҳаллалар раислари сайлови тизимини янада такомиллаштиришга оид бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Маълумки, маҳалла раиси сайланадиган фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунида белгиланган тартибда чақирилади ва ўтказилади.
“Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунга шу йилнинг 11 февраль куни киритилган ўзгартишларга кўра, фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддатини уч йилдан беш йилга узайтириш, бўшаб қолган ўринларга эса фуқаролар йиғинлари раисларини беш йил муддатга сайлаш назарда тутилган.
Албатта маҳалла раисларининг ваколат муддатини узайтиришнинг ўзига хос сабаблари ҳам бор. Асосий сабаблардан бири шуки, бугунги кунда аҳоли фаровонлигини оширишга оид жуда кўплаб масалалар маҳаллаларда ҳал этиляпти. Шунингдек, давлат ҳокимиятига тегишли бир қатор вазифалар ижросини таъминлаш ҳам маҳаллалар зиммасига юклатилган. Мазкур масалаларни ҳал этиш мақсадида “маҳалла еттилиги” тизими фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, тизимда қилиниши лозим бўлган ишлар сезиларли даражада кўпайган. Ҳар бир йўналиш бўйича вазифаларни тўғри тақсимлаш, “маҳалла еттилиги” ходимларининг иш фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳоли билан яқин мулоқот ўрнатиш, ҳудуддаги муаммоларни ҳал этиш учун маҳалла раисидан катта тажриба ва маҳорат, одамлар кайфияти ҳамда яшаш тарзини яхши билиши талаб қилинади.
Бундай тажриба эса қисқа муддатда орттирилмайди, қолаверса, уч йил муддат раисларнинг ўз билим ва бошқарув қобилиятларини тўлиқ намоён этиши учун ҳам етарли эмаслигини бугунги амалиётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Қонунга киритилган янги ўзгартишларга мувофиқ фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати беш йилга узайтирилиши эса уларга ўзининг тажриба ва маҳоратини тўлиқ намоён этиши учун имкон беради.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, ваколат муддати узайтирилишини маҳалла раислари ўзи учун имконият ва катта масъулият сифатида қабул қилиши лозим. Айрим ўринларда учраётган ўз вазифасига совуққонлик билан қараш, билим ва тажрибаларини орттириш устида ишламаслик каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслиги керак.
Бундан ташқари, “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ваколатлари аниқлаштирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ўтказилди.
Шунинг билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларининг номи маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари сифатида ўзгартирилди.
Қонунга киритилган ушбу ўзгартишлар фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятини ҳамда жорий йил май ойида ўтказилиши режалаштирилаётган фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ишини самарали амалга оширишга ёрдам беради. Шунингдек, маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларининг сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасида масъулиятини оширади ҳамда бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси сайлови ўз вақтида ўтказилишини кафолатлайди.
Маълумотларга кўра, бу йилги сайловларда Қашқадарёдаги 828 та фуқаролар йиғини раислари сайланиши назарда тутилган. Аҳоли томонидан ушбу вазифага муносиб номзодлар кўрсатилиши эса юртимиздаги дунёда муқобили йўқ ўзини ўзи бошқариш тизими – маҳалла институтининг мавқеини оширишга, фуқаролар йиғинлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг тўлақонли ҳамда сифатли бажарилишини таъминлашга хизмат қилади.
Яна бир масала хусусида тўхталиш ўринлики, 2022 йилда ўзини-ўзи бошқариш органларида ўтказилган сайловда сайланган бир қатор фуқаролар йиғинлари раисларининг муддатидан олдин ўз ваколатларини топширганлик ҳолатлари кузатилган. Бу эса маҳалла раиси сайлови арафасида турган фуқаролардан муносиб номзодларни танлаш борасида масъулиятли бўлиш ва барча одамлар ушбу жараёнга ўзини дахлдор деб билиши муҳимлигини кўрсатиб турибди.
Шу жиҳатдан олганда, жойларда кўмаклашувчи комиссиялар, ишчи гуруҳлари аъзолари, маҳаллалар фаоллари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунининг янги таҳрири мазмун-моҳияти юзасидан тарғибот тадбирларини амалга оширилиши муҳим ҳисобланади.
Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида сайлов ҳуқуқига эга ва сайлов кунига қадар 18 ёшга тўладиган 2 миллионга яқин фуқаролар бўлиб, уларнинг 240 минг нафарга яқини вакил сифатида бевосита фуқаролар йиғинлари раислари сайловида овоз беришда иштирок этиши кутиляпти.
Шу ўринда эслатиш ўринлики, “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ муайян ҳудудда яшовчи сайлов ҳуқуқига эга фуқароларнинг камида 12 фоизи (ундан ортиқ бўлиши ҳам мумкин) ушбу жараёнга жалб этилиши лозим. Уларнинг учдан икки қисми овоз беришда ҳозир бўлсагина сайлов ўтган ҳисобланади, агар овоз берувчилар сони кам бўлса сайлов ўтмаган деб топилади.
Бир сўз билан айтганда, бу йилги фуқаролар йиғинлари раислари сайлови қонунчиликка киритилган холислик, шаффофлик, тенглик, муқобиллик тамойилларини таъминлашга қаратилган қатор демократик ўзгаришлар асосида ўтади.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА