Маҳалла раиси ислоҳотчи бўлмоғи лозим
Юртимизда маҳаллани ҳақиқий ўзини ўзи бошқариш органига айлантириш борасида аниқ манзилли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир учрашувида “Маҳаллалар ўз зиммасидаги вазифаларни самарали бажариши учун ҳуқуқий асослар билан бирга, етарли шарт-шароитларга ҳам эга бўлмоғи лозим", "Маҳалла халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлиши керак. Одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиш маҳалланинг асосий вазифасидир", деб таъкидлайди.
Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Бешработ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Азиз Жуманов ёш бўлишига қарамасдан, янгиликка интилувчан, ҳаракатчан, аҳоли дарди билан яшайдиганлардан. Бевосита унинг ташаббуси билан тадбиркорларнинг саъй-ҳаракати туфайли маҳалла ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Маҳалла 1997 йилда ташкил этилган. Ҳозирда 695 та хонадон мавжуд бўлиб, 762 та оилада 2605 нафар аҳоли истиқомат қилади.
2020 йилда 66 нафар фуқаро ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оила сифатида “Темир дафтар”га киритилган эди. Йил давомида “Темир дафтар”дагиларнинг ҳолидан мунтазам хабар олинди. Белгилаб берилган мезонлар асосида кўрилган қатъий чора-тадбирлар натижасида йил якуни билан “Темир дафтар”дан чиқарилди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2020 йилнинг 8 октябр куни “Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари” тўғрисидаги ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ишчи гуруҳ томонидан маҳаллада “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтари шакллантирилди, – дейди маҳалла раиси А.Жуманов.
– “Аёллар дафтари”га 34 нафар хотин-қиз, “Ёшлар дафтари”га эса 64 нафар ёш киритилган. Рўйхатга олинган барча аёллар ва ёшлар билан аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб бормоқдамиз. Мисол учун “Аёллар дафтари”га ишсизлик тоифаси бўйича рўйхатга олинган фуқаро Ҳафиза Устаназарова маҳалла ҳудудида ишга тушган “Навбаҳор юлдузчалари” хусусий боғчасига ўзининг мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари фуқаролар – Гулноза Эшпўлатова ва Наргиза Бақоева имтиёзли кредит асосида тикув машинаси билан таъминланди. Яна бир гуруҳ фуқароларнинг адлия бўлими масъуллари томонидан муаммолари эшитилиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Жорий йил давомида “Ёшлар дафтари” рўйхатига кирган 64 нафар ёш билан туман ҳокими, 1-сектор раҳбари ва мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида 2 маротаба сайёр қабул ўтказилиб, ёшларнинг муаммолари эшитилди ва мурожаатлар назоратга олинди.
Суҳробжон Бобоназаров пайвандлаш билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлардан. Шу боис унга имтиёзли кредит асосида пайвандлаш аппарати олиб берилди. Ишсизлик тоифаси билан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлардан 22 нафари маҳалла ҳудудида ишга туширилиши режалаштирилган тикув цехида ишлаш истагини билдирди ва туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан қайта касбга ўқитилиб, иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 8 нафар ёшга маҳалла ҳудудидаги фермер хўжаликлари ерларидан 20 сотихдан ер ажратилиши белгиланди.
– Маҳалла фаоллари томонидан “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш, оилалар моддий манфаатдорлигини янада ошириш, шунингдек, хонадонларда қўшимча равишда чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, балиқчилик, асаларичиликни ташкил этиш мақсадида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Натижада маҳалла аҳли тарғибот ишларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда томорқасидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда, – дейди маҳалла раиси.
– Жумладан, Бешработ кўчасида яшовчи фуқаро Илҳом Худойбердиев ўзи нафақада бўлишига қарамасдан ҳовлисида 2 сотихдан иборат иссиқхона барпо этган бўлиб, помидор кўчатларини экиб парвариш қилмоқда. Қурама кўчасида яшовчи Отабек Примов паррандачилик йўналиши бўйича 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. “Янгиобод” кўчасида яшовчи Бахтиёр Неъматов эса имтиёзли кредит эвазига асаларичилик билан шуғулланмоқда.

Маҳаллада “маҳаллабай” тизими бўйича ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун 12 та асосий йўналиш белгиланди ва ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда уйма-уй юрилиб аҳолининг муаммолари ўрганилмоқда. Бунда “Маҳалла – сектор –халқ қабулхонаси – маҳалла” тамойили қўл келмоқда.
Албатта, маҳалла раиси ташаббускор ва интилувчан, халқ орасида обрў-эътиборга эга бўлса, аҳоли ҳам раисга ишониб, дарди ва муаммосини очиқ айтади. Чунки, у муаммоси ўз вақтида ижобий ечим топишига ишонади. Аҳоли мурожаати ўз вақтида назоратга олинган ҳудудда эса ортиқча оворагарчиликлар юзага келмайди.
Абдували Бўриев, ЎзА