Маҳалла обод бўлса, юрт обод бўлади
Президентимиз ташаббуси билан амалга ошириб келинаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида олис-олис қишлоқларимизда, маҳаллаларимизда қурилиш, бунёдкорлик ишлари авж олиб, юртимизнинг ҳар бир гўшаси обад масканларга айланмоқда. Бугунги кунга қадар ушбу дастурлар доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланганлиги жорий йилнинг 24 март кунги видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамасига қаратилган видеоселектор йиғилишиа олдимизга янада улкан ишларни қўйди. Бу йиғилишдаги нутқ баландпарвоз гаплардан ҳоли, ҳаётий мисолларга бойлиги ва энг муҳими, самимийлиги билан қалбимиздан чуқур жой олди. Бу бежиз эмас. Ҳаммани эзгу ишга сафарбар этадиган учрашув бўлди.
Ана шундай улуғвор ниятлар билан бошланган изчил ислоҳотларнинг самарасини эса барчамиз ўз ҳаётимиз, тақдиримиз мисолида кўриб турибмиз.
Жорий йилда ҳам дастурлар доирасидаги ишларга жами 21 триллион сўм маблағ ажратилиб, 8 мингта маҳаллада ободонлантириш ишларини олиб бориш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Президентимизнинг “Оғир инқироздан чиққан йилимиз, ташқи қарз жалб этмасдан, шунча маблағ ажратаяпмиз. Бунақа имконият Ўзбекистон тарихида бўлмаган. Лекин бу маблағни лойиҳа билан, ҳалол-пок ишлатиб, элга муносиб шароит яратиш керак”, деган сўзлари ўзгача таъсир этди.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, бундан буён “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилаши адолатли бўлди. Аниқроғи маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини тасдиқлайди. Қурилиш вазирлиги ҳокимликлар билан бирга уларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга масъул бўлади.
Бундан ташқари ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир қишлоқ ва маҳаллаларни комплекс ривожлантириш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Йиғилишда ободончилик билан бир қаторда аҳоли бандлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун, тадбиркорлик ва бандлик дастурларини маҳаллага боғлаб, 500 минг нафар ёш ва 200 минг хотин-қизни иш билан таъминлаш, “темир дафтар”га киритилган 300 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилиб қўйилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, аминмизки, кўзланган барча марраларга албатта етамиз.
Нурлибай ҚАИПБЕРГЕНОВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси
ЎзА