Маҳалла обод бўлса, юрт обод бўлади
22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни
Андижонда “Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждон кўзгуси” ғояси остида қатор маънавий-маърифий, маданий кўнгилочар ва спорт тадбирлари ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда кенг нишонланаётган “Маҳалла тизими ходимлари куни” муносабати билан “Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги” доирасида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида, маҳаллаларда юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтмоқда.
Президентимиз Олий Мажлисга мурожаатида маҳалла тизими, унинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, Президентимизнинг: “Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало маҳаллада сезилади. Шу маънода, “маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси”, десак, тўғри бўлади. Шунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт”, деган фикрлари маҳалланинг ролини ошириш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда дастуриламал бўлмоқда.
Дарҳақиқат, маҳалла Ватан ичра кичик ватан ҳисобланади. Зеро, Ватан тараққиёти, унинг гуллаб-яшнаши, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши, айниқса, ёшларимизнинг билимдон, ўқимишли, касб-ҳунарли, тарбияли, умуман, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишида маҳалланинг ўрни беқиёс.
Ҳафталик доирасида маданият, маънавият, адабиёт ва санъат намоёндалари, ёзувчи ва олимлар иштирокида маҳаллаларда маънавий-маърифий, маданий кўнгилочар тадбирлар, шунингдек, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида миллий ўйинлар, оммавий спорт турлари бўйича мусобақалар, кўрик-танлов ҳамда хайрия тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Қатор туман ва шаҳарларда янги қурилган “Нуронийлар маскан”лари, “Маҳалла маркази” мажмуалари, “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари”, маҳалла фуқаролар йиғинлари идоралари, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари, оғир турмуш шароитларида яшаётган хотин-қизлар учун ажратиладиган уй-жойлар, даволаш муассасалари фойдаланишга топширилмоқда. Масалан, Хўжаобод тумани “Навбаҳор”, Марҳамат туманидаги “Дукчи эшон” маҳалла фуқаролар йиғинларининг замонавий, барча қулайликларга эга идоралари иш бошлади.
– Маҳалламизда 3 минг 200 нафардан зиёд аҳоли яшайди, – дейди Булоқбоши туманидаги Навоий маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаммадюнус Жалилов. – Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Маҳалла куни муносабати билан ҳудудимизда “Ширмонбулоқ шифо” даволаш маркази ишга тушди. – Энди маҳалладошларимиз шу ернинг ўзида даволаниб, саломатлигини тиклаши мумкин. Энг асосийси, даволаш маскани ишга тушиши билан маҳалламиздаги ишсиз ҳамширалар доимий иш билан таъминланадиган бўлди.
Вилоятдаги қатор маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатлар топширилди.
– Мен тикувчилик йўналишида ўз тадбиркорлигимни йўлга қўйиш мақсадида кредит олиш бўйича мурожаат қилган эдим, – дейди Андижон шаҳридаги Гумбаз маҳалласида яшовчи Дилфузахон Рўзиматова. – Мутахассислар имкониятларимни ўрганиб чиқди, тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича махсус курсда таҳсил олдим. Менга имтиёзли кредит олиш учун сертификат тақдим этилди. Насиб этса, кредитни олиб, иш бошлайман, оиламга даромад киритиш учун астойдил ҳаракат қиламан.
“Маҳалла тизими ходимлари куни” тадбирлари доирасида туман, шаҳарлардаги қатор намунали маҳаллаларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш бўйича семинарлар ўтказилди. Бундан ташқари, жойларда “маҳаллабай” асосида ёлғиз яшовчи кексалар ҳолидан хабар олинди, кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатилди, эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонларида ҳашарлар ўтказилди.
– Маҳалладошларимга, саховатли инсонларга раҳмат, – дейди Хўжаобод тумани Қурама маҳалласида яшовчи Анорхон Келбўтаева. – Шароитимиз анча оғир, хонадонимиз ҳам қаровсиз ҳолатда эди. Туман маҳалла бўлими ҳашар уюштириб, пишиқ ғишт келтириб берди, томорқамизни ҳам тартибга солиб беришди. Бундан кўнглимиз тоғдай кўтарилди.
Барча туман ва шаҳарларда “Энг обод кўча”, “Энг обод кўп қаватли уй”, “Энг ораста хонадон”, “Энг намунали хонадон”, “Мен ўқиган китоб”, “Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла” сингари кўрик танловлар, “Маҳаллам – менинг нигоҳимда” расмлар ва фотосуратлар танлови, нуронийлар ўртасида “Ақл чархи” шахмат мусобақалари, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида маҳаллаларда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган маънавий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар, турли миллатларнинг амалий санъат, ҳунармандчилик буюмлари, либослари кўргазмалари ташкил этилди.
Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждон кўзгуси” ғояси остида “Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар юқори кўтаринки кайфият ва аҳолининг фаоллиги билан бўлиб ўтмоқда. Ушбу тадбирлар маҳалланинг жамиядаги ўрни ва нуфузини ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, юртдошларимиз ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга, қолаверса, одамларни ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашлари, қалбларида эртанги кунга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-1699]
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА