Бугунги кунда коррупция жамият тараққиётига таҳдид солаётган иллат сифатида бутун инсониятни жиддий ташвишга солмоқда. Шу боис, юртимизда ҳам коррупциянинг олдини олиш, уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йил 5 март куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилган эди. Унда коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа эканлиги, ҳар бир юртдошимиз ушбу иллатнинг олдини олиш ва бартараф этилишига бефарқ қарамаслиги, бу ишдан четда турмаслиги лозимлиги таъкидланиб, мазкур йўналишда муҳим вазифалар белгиланган эди.

Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан апрель – “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилиниб, ойлик доирасида партия, хусусан, партиядан сайланган депутатлар томонидан маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Партия етакчилари, фаоллари, депутатлари иштирокида Андижон вилояти Хўжаобод тумани маҳаллаларида ўтказилаётган тадбирлар ҳамда аҳоли вакиллари билан мулоқотларда коррупциянинг олдини олиш, юртдошларимизда ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, унинг аянчли оқибатлари хусусида атрофлича сўз юритилмоқда.

– Коррупциянинг жиноят эканлигини биламиз, лекин нима учун у такрор-такрор содир этилмоқда, деган савол очиқлигича қолиб келмоқда, – дейди “Адолат” СДП Хўжаобод туман кенгаши раиси Йигитали Бекбоев. – Ҳатто, айрим ҳолларда ишимиз тезроқ битсин, деган мақсадда унинг иштирокчисига ҳам айланамиз. Бу нафақат жиноят, балки жамиятимиз ривожига, келажагимизга таҳдиддир.

Шу маънода тарғибот тадбирларимизда ана шу каби кичик, назаримиздан четда қолаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, коррупциянинг олдини олиш масаласи нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки қайси бир тоифа кишиларининг эмас, бутун халқимизнинг ишига, умумхалқ ҳаракатига айланиши лозим. Шундагина биз кутилган натижага эриша оламиз.
Тумандаги “Навоий”, “Ипакчи” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси иштирокида “Маҳалламиз коррупциядан холи ҳудудга айланади” мавзусида ўтказилган тадбирда коррупция иллати, унга қарши курашни умумхалқ ишига айлантириш юзасидан иштирокчиларга кенг маълумот ва тушунчалар берилди.
“Адолат” СДП вилоят кенгаши ташаббуси билан бу каби тадбирлар барча туман ва шаҳарларда бўлиб ўтмоқда.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари