Маҳалла ислоҳотлар марказига айланмоқда
Жиззахда ўтказилган маънавий-маърифий мулоқот оддий тадбир эмас, балки маҳалла институтининг бугунги қиёфаси ва эртанги йўлини белгилаб берувчи фикрлар майдонига айланди. Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиалида ташкил этилган учрашувда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, айниқса, маҳаллаларни ривожлантириш орқали жамиятни юксалтириш масаласи таҳлилий муҳокама қилинди.
Тадбир олдидан намойиш этилган ижодий ишлар ва кўргазмалар маҳалланинг нафақат ижтимоий, балки маънавий макон сифатидаги аҳамиятини яна бир бор намоён этди. Ҳар бир асар ва ғояда юртда кечаётган янгиланишлар акс этган.

Мулоқот марказида эса бир ғоя устувор бўлди: маҳалла шунчаки ҳудудий бирлик эмас, балки ислоҳотларнинг энг таъсирчан ва тирик механизми. Шу маънода, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши бежиз эмас. Бу қарор маҳаллага юклатилган масъулиятни ошириб, унинг ваколат ва имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Асомиддин Мардиев бу жараёнларга кенгроқ назар ташлади:

— Бугун маҳалла фақат ижтимоий муаммоларни ҳал қилувчи бўғин эмас, — дейди у. — У жамиятнинг маънавий иммунитетини шакллантирадиган муҳитга айланмоқда. Агар маҳаллада фикр уйғонса, ташаббус кучайса, демак, жамиятда ўзгариш бошланади.
Унинг таъкидлашича, маҳаллалардаги ислоҳотлар самараси энди қуруқ рақамлар билан эмас, балки инсон ҳаётидаги ўзгаришлар билан ўлчанмоқда. Аҳоли бандлиги, хотин-қизлар фаоллиги, ёшларнинг интилиши тизимли ишлар натижасидир.
Дарҳақиқат, вилоят маҳаллаларида “маҳалла еттилиги” асосида йўлга қўйилган манзилли иш усули ўз самарасини бермоқда. Ҳар бир хонадон билан мулоқот қилиш орқали муаммолар чуқур ўрганилиб, ечимлар жойида топилмоқда. Бу эса расмий ҳисобот эмас, амалий натижага хизмат қилаётган янги бошқарув маданиятидир.
Айни пайтда маҳаллаларда бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда. Таъмирланган йўллар, барпо этилган пиёдалар йўлаклари, замонавий ёритиш тизимлари — буларнинг барчаси инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар бандлигини ошириш, ёшлар билан манзилли ишлашга қаратилган дастурлар эса бу жараённинг мазмунини бойитмоқда.
Мулоқот давомида яна бир муҳим жиҳат қайд этилди: маҳалладаги ислоҳотлар ҳали якунига етган эмас. Олдинда ечимини кутаётган вазифалар кўп. Бироқ бугун шаклланган очиқ мулоқот, аниқ режа ва манзилли иш услуби келгуси ютуқлар учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Жиззахдаги ушбу учрашув бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: ислоҳотлар марказда бошланади, аммо маҳаллада мустаҳкамланади. Маҳалла бу жараёнда шунчаки иштирокчи эмас, балки унинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири